G20 молия вазирлари Ҳиндистон ғарбидаги Гандинагарда бўлиб ўтган икки кунлик учрашув якунлари бўйича якуний декларация масаласида келиша олмади. Бунинг ўрнига учрашув ташкилотчиси Ҳиндистон, аввалгидек, маслаҳатлашувлар хулосаларини тайёрлайди ва эълон қилади, деди Ҳиндистон молия вазири Нирмала Ситҳараман 18 июль, сешанба куни. 

«Россия ва Украина ўртасидаги уруш масаласида ҳалигача умумий тил топа олмадик», деди у. Россия ва Хитой қўшма декларацияда ҳарбий ҳаракатларни қоралашдан бош тортди. Ситҳараманнинг сўзларига кўра, айни пайтда G20 давлатларининг бир қатор вакиллари Россия Украинанинг Қора денгиз портларидан ғалла экспорти бўйича келишувни узайтиришдан бош тортганини қоралаган. 

Ҳиндистон Украинадаги уруш бўйича нейтрал позицияни эгаллайди, у ғарбнинг Москвага қарши санкцияларига қўшилмаган ва ғарб давлатлари билан ҳам, Россия билан ҳам яхши муносабатда.