Қўштепа канали қурилиши Ўзбекистон учун ҳақиқатан ҳам жиддий муаммо. Афғон халқининг қачонлардир Амударё сувидан фойдалана бошлаши эҳтимоли анчадан буён бор эди. Таассуфки, бу шунчаки ҳозирги "Толибон" бошчилигидаги Афғонистон Муваққат ҳукумати даврига тўғри келиб қолди. Дарҳақиқат, Амударё сувидан фойдаланишга афғон халқининг ҳам ҳаққи бор. Чунки трансчегаравий дарёлар бир мамлакатга тегишли бўлмайди. Ундан ҳамма фойдаланиши мумкин.
Бу ердаги асосий муаммо айнан “Толибон” ҳукуматининг ушбу лойиҳани қураётгани, ўз навбатида Афғонистон давлати Трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш бўйича иккита халқаро конвенцияни ҳам ҳалигача имзоламаганидир. Боз устига “Толибон” ҳукуматини ҳали ҳеч бир мамлакат тан олмади.
Шундай шароитда биз учун хавфли жараён пайдо бўлади. Бу Амударё сувининг катта қисми Афғонистон томонга ўтиб кетиши, шунингдек, қурилаётган каналнинг чўл ҳудудидан ўтиб, канал бетондан қурилмаётгани оқибатида сувнинг тупроққа сингиб, исроф бўлишига олиб келиши эҳтимоли мавжудлигидир.
Баъзи ҳолларда Ўзбекистоннинг “Толибон” билан ҳозирги алоқалари пассив сиёсат сифатида баҳоланмоқда. Аммо, мен Ўзбекистон олиб бораётган мулоқотларни бундай атамаган бўлардим. Чунки музокаралар давом этмоқда. Жумладан, Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комиловнинг Афғонистонга ташрифи давомида қурилаётган каналнинг техник масалалари, жумладан, сувни исроф қилмаслик масаласи муҳокама қилинган”, – деди сиёсатшунос.
Тошкент давлат шарқшунослик университети доцентига кўра, шу йил май ойида “Толибон” ва Эрон ўртасида Ҳелманд дарёси суви учун бўлган қуролли тўқнашувлар муаммоларни дипломатик йўл билан ҳал қилиш қанчалик муҳим эканини яна бир бор исботлаган. “Толибон”нинг Эрон билан Ҳелманд дарёси суви учун бўлган келишмовчилигини кузатган бўлсангиз, бу орқали тўғридан тўғри уруш очилиб кетиш хавфи вужудга келди. Яъни “Толибон”нинг маълум бир қатлами атайин Эрондек давлатга уруш эълон қилди. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда тўғри йўл танлаганини шундан ҳам билиш мумкин. Агар биз канал қурилишига қаршилигимизни кескин усулини танласак, ўртада қуролли тўқнашувлар келиб чиқиши мумкин эди. Шу жиҳатдан, ҳозирча Ўзбекистоннинг дипломатик йўли тўғри йўл деб ҳисоблайман.
Яна бир нарсани унутмаслик керак, “Толибон”нинг ортида катта кучлар турибди. “Толибон” бундай қудратга ўз-ўзидан келиб қолмади. Нима учун "Толибон" ҳукуматини Хитой, Покистон, Россия ёки Эрон сингари давлатлар ҳалигача тан омаяпти? "Толибон"нинг ҳатти ҳаракатлари минтақа учун жиддий бошоғриғи бўлиши мумкин”, – деди Бўронов.
Сиёсатшунос тадбир давомида шунингдек, Ўзбекистоннинг “Толибон”га қандай таъсир чораси борлиги ҳақида берилган қўшимча саволга ҳам жавоб берди.

















