Жамиятда муаммолар, ечимини кутаётган турли даражадаги масалалар кўп. Бу муаммолар, масалалар ҳақида ҳар куни ўнлаб ОАВ, фаоллар гапиради, турли расмий, норасмий давраларда улар ҳақида сўз боради.
Муаммоларни гапиришдан мақсад эса уни ҳукуматга, тегишлилиги бўйича масъулларга етказиш. Ечимини кўриш.
Бундан 3 йил аввал, 2020 йилнинг 16 апрелида Ўзбекистон президенти томонидан Жамоатчилик палатаси номли тузилма ташкил қилиниши ҳақида фармон чиқаркан, кўпчилик хурсанд бўлганди. Улар бугун ечимини кутаётган муаммолар энди масъулларга, президентга тезроқ етиб бориши, ечимини топишига ишона бошлаган эди.
Аммо мана, орадан уч йил ўтяпти ҳамки, халқ ва ҳокимият ўртасида кўприк бўлиши керак бўлган бу тузилмадан ҳалигача дарак йўқ. Фармон чиқишга чиқди-ю, шу билан палата ҳақида барчаси унутилгандек.
Kun.uz мухбирининг навбатдаги ўтказган интервюси Жамоатчилик палатаси, тузилма фаолият бошлаши йўлидаги тўсиқлар ҳақида бўлди. Интервюда сиёсатшунос Фарҳод Толипов, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева ва тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов меҳмон сифатида иштирок этди.

— Жамоатчилик палатаси нима ўзи? У қандай мақсадда, кимлардан тузилади, давлат ва жамият ҳаётида аҳамияти қандай, ички ва ташқи зарурати нима?
Дунёда, демократик давлатларда бу каби тузилмаларнинг аналоги, қолипи борми ва у нима учун хизмат қилади?
Фарҳод Толипов:
— Халқ ва ҳокимият ўртасида кўприк бўлиб, боғлаб туриш — жамоатчилик палатасининг вазифаси. Асосий таърифи шу. Бу кенгаш орқали жамият билан бевосита мулоқот механизми яратилади. Бундан ташқари, демократиянинг асосий тамойили бўлмиш тийиб туриш сиёсатининг бир кўриниши ҳам.
Биз одатда Суд, Ижро ва Қонун чиқарувчи органларни тийиб туриш механизмининг асосий объекти сифатида оламиз, бу — макроёндашув. Микроёндашувда эса мана шу айтилаётган жамоатчилик палатаси каби бўғинлар катта рол ўйнайди. Демократик давлатларнинг деярли барчасида бундай кенгаш бор, ҳатто умумий ЕИда бор бундай кенгаш. Макроёндашувдаги органларда ҳам оғишлар кузатилиши мумкин, шундай пайтда жамоатчилик палаталари улар учун тийиб турувчи бўлади. Жамоатчилик палатаси бевосита давлат раҳбари билан халқни боғлайди.











