Фронтдаги вазият ҳақида қисқача

Чоршанба куни РФ мудофаа вазирлиги Харкив областида Молчаново (украинча номи Мовчанове) темирйўл станцияси эгаллангани ҳақида хабар берди.

Молчаново Харкив областининг Лиман Первий қишлоқчаси чеккасида, Оскол дарёси соҳилида, Украинанинг Купянск ва Россиянинг Валуйки шаҳрини боғловчи темирйўл линиясида жойлашган.

Россияликлар бир қанча йўналишларда – Купянск ва Боровоега, Кармазиновка ва Невскоега, Торское, Серебрянский ўрмони ва Билоҳоривкага ҳужум қилмоқда. Ҳар томонда шиддатли жанглар кечмоқда, Россия қўшинлари Купянскдан шимолда ва шимоли-шарқда, яъни Лиман Первий ҳудудида кичик тактик ютуқларга эришган – тахминан 1,5-2 км масофага илгариланган.

Улар Купянскдан жануби-шарқда ҳам, Стелмаховка қишлоғи йўналишида олдинга ҳаракат қилмоқда. Россия армиясида бошқа йўналишларда силжиш йўқ.

Бу вақтда украин қисмлари Бахмутдан шимолда ва жанубда ҳужумларни давом эттирмоқда. Чоршанба куни Украина қуролли кучлари бош штаби спикери Андрей Ковалев россияликлар шимолий қанотда Орехово-Василевка яқинидаги позицияларидан суриб чиқилганини хабар қилди.

Жанубий фронтда Россия қўмондонлиги аллақачон россияликлар мудофаасининг иккинчи линиясига ҳужум қилаётган украин қўшинларини тўхтатиш учун Старомлиновка қишлоғи (Бердянск йўналиши) яқинига захираларини олиб келган. Украина қуролли кучлари Запорижжя областидаги бошқа фронтларда ҳам кичик ютуқларга эришмоқда.

Донецк ҳудудида, Авдийивка ва Марйинка шаҳарлари атрофида ҳам фаол ҳарбий ҳаракатлар тингани йўқ. Лекин бу ҳудудда томонларнинг ҳеч бири бир-бирининг назоратидаги муҳим ҳудудларни эгаллай олгани йўқ.

«Улар қулай фурсат кутмоқда»

17 июл куни Украина қуролли кучлари Шарқий кучлари гуруҳи спикери Сергей Череватий Россия Луҳанск ва Харкив областлари чегарасига 100 мингдан ортиқ киши, 900 дан ортиқ танк, 555 дона артиллерия тизимлари, 370 та баравар ўт очиш ракета тизимларини — «энг яхши десант ва мотопиёда бўлинмалари, БАРСдаги захиралари, ҳудудий қўшинлар, хусусий ҳарбий компаниялар жангчилари, „Шторм-Z“ гуруҳини — ҳужумга ўтиш ва Украина мудофаасини кесиб ўтиш мақсадида олиб келгани» ҳақида маълум қилганди.

Россия армияси Купянск йўналишида фаол ҳужум амалиётларини июл ойи бошларида бошлаганди, Украина қуролли кучларини Креминна, Северодонецк ва энди Бахмутга таҳдид солаётган Северск бўртиғидан суриб ташлаш учун эса ўтган йилдан буён ҳаракат қилмоқда.