Жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар суди 24 июль куни май ойида 2 нафар ўқувчи қизни уриб юборган Дамас ҳайдовчисига нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Zametka.uz нашри хабар берган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

15 май куни эрталаб 19 яшар ҳайдовчи пиёдалар учун ажратилган махсус йўлакдан йўлни кесиб ўтаётган 14 ёшли 2 нафар мактаб ўқувчисини уриб юборганди. ЙТҲга Дамас ҳайдовчисининг светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиши сабаб бўлганди.

Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, ЙТҲда жабрланган қизларнинг бири 23 май куни вафот этган. Дамас уриб юборган бошқа бир ўқувчи қизнинг аҳволи ҳаёт учун хавфли бўлмаган даражада жароҳат олгани учун тирик қолган. Ишни назоратга олган Бош прокуратура ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилганди.

ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган қизнинг отаси ва судланувчи Фото: Zametka.uz

Суд-тиббиёт экспертизаси давомида қизларнинг бирида бош суяги ёпиқ жароҳати, бош миянинг 1-2 даражали чайқалиши, тери ости гематомалари, ўнг тизза бўғими соҳасида йиртилган жароҳатлар борлиги аниқланган. Бундай жароҳатлар ўртача жароҳатлар деб таснифланади.

Иккинчи жабрланувчида эса бош суяги очиқ жароҳати, бош суяги асоси синиши, мияга қон қуйилиши, қорин бўшлиғи шикастланиши, тос суяги ўнг томонининг синиши, бош мия шиши, бутун тана бўйлаб кўкариш ва гематомалар аниқланган. Бундай жароҳатлар оғир жароҳатлар деб таснифланади, бунинг натижасида мактаб ўқувчиси ЙТҲдан тўққиз кун ўтиб шифохонада вафот этган.