Жаҳон | 10:45 / 26.07.2023
5336
2 дақиқада ўқилади

Россия Бош прокуратураси «Дождь» телеканали фаолиятини «номақбул» деб топди

«Дождь» раҳбарияти томошабинлар хавфсизлиги учун Россиядан донатлар йиғишни ўчириб қўйганини ва россияликларнинг мавжуд обуналарини бекор қилаётганини билдирди. 

Фото: РИА Новости

Россия Бош прокуратураси «Дождь» телеканалининг икки юридик шахси – мос равишда Латвия ва Нидерландиядан бўлган SIA TV Rain ва TVR Studios B.V.’нинг Россия ҳудудидаги фаолиятини «номақбул» деб топди. Бу ҳақда 25 июль, сешанба куни идора сайтида хабар берилди

Бош прокуратура ўз қарорини телеканал гўёки «ФБК» ҳамда «Навалний штаби» экстремистик ташкилотлари, шунингдек, террорчилик ташкилотлари, «чет эл агентлари» ва бошқа «номақбул ташкилотлар» материалларини тарқатаётгани билан асослади.

Бундан ташқари, прокуратуранинг фикрича, «Дождь»нинг иккала юридик шахси ҳам Россия ҳокимият органларини обрўсизлантиряпти, Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақида «фейк» маълумотлар тарқатяпти ва «чет эл агентлари» деб эълон қилинган одамлар ва ташкилотларни қўллаб-қувватлаяпти. 

Қонунга кўра, фаолияти номақбул деб топилган ташкилотларнинг Россияда фаолият юритиши тақиқланади. Россия фуқаролари ва Россия юридик шахсларига номақбул ташкилотларнинг фаолиятида иштирок этиш, шу жумладан уларнинг материалларини тарқатиш ва молиявий хизматлар кўрсатиш тақиқланади. Қоидабузарлик учун ҳам маъмурий, ҳам жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Мавзуга оид