Самарқанд шаҳри Ширин массиви ҳудудида 2023-2030 йилларда Ширин замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплекси қурилади. Бу борада президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан шаҳарчани қуриш бўйича дирекция тузилди. Дирекция директори бош вазир билан келишган ҳолда Самарқанд вилояти ҳокими томонидан лавозимга тайинланади. Дирекциянинг ҳуқуқлари қуйидагилар деб белгиланди:
- шаҳарчани барпо этиш бўйича манзилли дастурларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
- давлат шериги сифатида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим талабларини ваколатли давлат органлари билан келишган ҳолда белгилаш;
- коммунал бошқариш, инвестицион фаолият, маркетинг, баҳолаш, геология қидирув, топографик суратга олиш, бино ва иншоотлар техник ҳолатини текшириш хизматларини кўрсатиш;
- шаҳарча ҳудудида истеъмолчиларга кўрсатиладиган коммунал хизматлар тарифларини Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда белгилаш;
- шаҳарчани барпо этиш даврида инвесторларга шартнома асосида сервис, санитария-гигиена, муҳандислик-коммуникация хизматларини кўрсатиш, уларни транспорт инфратузилмаси объектлари ва ёрдамчи иншоотлар билан таъминлашни ташкил қилиш;
- объектларни лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларида иштирок этиш, муаллифлик назорати ва техник назоратни амалга ошириш учун юқори малакали хорижий мутахассис ва консультантларни тўғридан тўғри шартнома асосида жалб қилиш.
Ширин шаҳарчаси қурилишини мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳам ташкил этилиб, унга бош вазир Абдулла Арипов раис этиб тайинланди. Кенгашга қуйидаги ҳуқуқлар берилди:
- лойиҳачилар, пудратчилар ва бошқаларни танлашнинг электрон шаклига амал қилмаган ҳолда жалб қилиш;
- қурилиш-монтаж ишларини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан параллел равишда амалга оширишга рухсат бериш.
Ширин массиви ҳудудида бузилаётган объектларнинг компенсация тўловларини амалга ошириш мақсадида Агробанк томонидан ажратилган 100 млрд сўм кредит ва унга ҳисобланган фоизлар амалдаги шартнома шартлари асосида 1 йил имтиёзли давр билан 3 йил муддатга дирекцияга қайта расмийлаштирилади.
2023 йил 1 сентябрга қадар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ўзининг Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган бюджетдан ташқари ғазна ҳисобварағига тушган ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 3 йил муддатга дирекцияга 150 млрд сўм фоизсиз қарз ажратади. Бу маблағлар жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашга, шаҳарча учун зарур инфратузилма объектларини барпо этишга, ижтимоий соҳа объектларини қуришга йўналтирилади. 150 млрд сўмлик маблағ Самарқанд вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан 2025 йилдан бошлаб ҳар чорак охирида тенг улушларда “Маҳалла” фондига қайтарилади.









