Uzbekistan Airports компанияси Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш зали қаршисидаги ҳудудга таксиларнинг кириши масаласида расмий баёнот берди.
Куни кеча Рақобат қўмитаси бу ҳудудда ягона такси хизматининг бўлиши қонунларга зидлигини таъкидлаб, аэропортга расмий талаблар қўйгани, лекин Uzbekistan Airports бу талабларни рад этиб, монополияга қарши орган билан судлашгани ва иккита судда ютқазганини маълум қилганди.
Uzbekistan Airports ўз баёнотида ягона такси хизматини кўрсатувчи компанияни электрон аукцион орқали танлаб олганини таъкидлади. Унга кўра, 2022 йил август ойида эълон қилинган аукционда талабгорлар учун бир қатор мажбуриятлар кўзда тутилган. Хусусан, такси хизмати бензин ёки электр қувватида ишлайдиган транспорт воситаларига эга бўлиши (аэропорт ҳудудида газ тақиқланган), йўловчилардан барча шаклларда тўловларни қабул қилиши, ҳайдовчилари ягона формада ва озода кўринишда бўлиши, ўзбек, рус ва инглиз тиллари асосини билиши керак.
Учта компания иштирокида ўтган аукционда “Бобур Диёр” компанияси ғолиб деб топилган. Компания белгиланган талабларга мувофиқлиги текширилгач, у шартнома тузилган ва 2022 йил 12 сентябрдан аэропортда “Aeroport Tashkent Taxi” бренди остида ягона такси хизмати иш бошлаган.
2022 йил 23 декабрга келиб, Рақобат қўмитаси Uzbekistan Airports'га лицензияга эга барча такси компанияларининг талабларга жавоб берадиган машиналарига аэропортга тенг кириш ҳуқуқини бериш бўйича мажбурий кўрсатма берган.
“Ваҳоланки, бугунги кунда Тошкент шаҳрида юзлаб такси компаниялари мавжуд бўлиб, уларда минглаб турли маркадаги, турли йилларда ишлаб чиқарилган, турли ҳолатда ва газда юрадиган автомобиллар мавжуд. Аэропорт ҳудудига киришда уларнинг тоифаланган объектнинг талабларига мувофиқлигини текшириш шунчаки имконсиз. Шу муносабат билан Uzbekistan Airports таксилар билан боғлиқ вазиятни бартараф этиш ва йўловчилар мурожаатларини инобатга олиб, такси хизматларини кўрсатиш бўйича ягона хизматни танлашга қарор қилди. Акс ҳолда, аэропортда тартибни таъминлашнинг иложи йўқ эди”, – дейилади компания баёнотида.
Uzbekistan Airports шу важлар билан Тошкент шаҳар туманлараро маъмурий судига мурожаат қилган. Суд 28 мартдаги қарори билан қўмита кўрсатмаларини ўз кучида қолдирган. 12 июн куни компаниянинг қайта аризаси ҳам қаноатлантирилмаган.
















