Ўзбекистонда туризм соҳаси бошқаруви ҳеч “ўз ўрнига” тушмаяпти: “тепаси” бир қўмитага, бир вазирликка айланган соҳа эндиликда маданият тизимидан ажратиб олиниб, экологияга берилди. Бу – ўтган 31 йилдаги 6-ўзгариш.

Мустақил Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги илк бошқарув органи “Ўзбектуризм” миллий компанияси ҳисобланади. У 1992 йил 27 июл куни президент фармони билан ташкил этилган. “Ўзбектуризм” миллий компанияси қарийб 25 йил – 2016 йилнинг декабр ойига қадар туризм соҳасида республиканинг ягона сиёсатини амалга ошириб келган.

2016 йил 2 декабрда президент фармони билан “Ўзбектуризм” миллий компанияси тугатилди ва унинг негизида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил қилинди. Фармонга кўра, қўмита туризм соҳасида ваколатли давлат органи қилиб белгиланди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси 5 йил “умр кўрди”. Президентнинг 2021 йил 6 апрелдаги фармони билан, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги ташкил этилди. Вазирлик туризм, жисмоний тарбия, спорт ва маданий мерос соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланиши белгиланди.

Шу тариқа, туризм 10 ой спорт соҳаси билан бирга юрди. 2022 йил 18 февралга келиб, президент фармони билан Туризм ва спорт вазирлиги негизида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлиги ташкил қилинди. Фармон билан вазирлик туризм ва маданий мерос соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқарув органи ҳисобланиши белгиланди.

2022 йил охиридаги маъмурий ислоҳотлар пайтида эса Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги негизида Маданият ва туризм вазирлиги ташкил этилди