11:02 / 28.07.2023
15997

Россия Путин бўйича ордер берган Ҳаага суди судьясини қидирмоқда

Россия Ички ишлар вазирлиги қидирув базасида ХЖС аъзоси Томоко Аканенинг карточкаси пайдо бўлди. Акане қайси жиноий модда бўйича қидирувга берилгани аниқлаштирилмаган.

Томоко Акане / Фото: ХЖС

Россия Ички ишлар вазирлиги Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) судьяси Томоко Аканени қидирувга берди. 27 июль, пайшанбага ўтар кечаси Ички ишлар вазирлигининг қидирув базасида пайдо бўлган карточкада 1956 йилда туғилган япониялик Томоко Акане «Россия Жиноят кодексининг моддаси бўйича қидирувда экани» қайд этилган. У қайси модда учун қидирувга берилгани аниқлаштирилмаган.

Томоко Акане 2023 йил март ойида Россия президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Лвова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган Росарио Салваторе Айтала ва Серхио Херардо Угалде Годинес билан бирга ХЖСнинг уч аъзосидан бири эди. Судга кўра, Путин ва Лвова-Белова «аҳоли (болалар)ни Украина ҳудудидан Россияга ноқонуний равишда депортация қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар учун жавобгардир».

20 март куни Россия Тергов қўмитаси ушбу судьяларга, шунингдек, Халқаро жиноий суд прокурори Карим Хонга қарши жиноий иш қўзғатди. 22 июнь куни ХЖС судьяси Росарио Айталанинг карточкаси Ички ишлар вазирлигининг қидирув базасида пайдо бўлди, Карим Хон 19 май куни қидирувга берилган эди. Уларга сиртдан айблов қўйилган.

Top