Александра Деннет – Ҳарвард университети докторанти. У 1890-1940 йилларда Марказий Осиёда фотография қандай вужудга келгани ҳақида илмий иш қиляпти. Қисқа вақт ичида ўзбек тилини ҳам ўрганган Александра Kun.uz билан суҳбатда мустамлака даврида ўзбеклар ҳаёти фотосуратларда қандай кўрсатилгани, фотографлар нега кўпроқ аёлларни суратга олишга урғу бергани ҳақидаги қизиқарли топилмалари тўғрисида сўзлаб берди.

– Илмий ишингиз учун нега айнан Ўзбекистонни танладингиз?

– Жуда яхши савол. Менимча, Ўзбекистон қизиқ тарихга эга ва фотография ўтмишнинг турли сиёсий ва маданий лаҳзаларини акс эттириш орқали жуда муҳим рол ўйнайди. Бундан ташқари, фотография Ўзбекистон ҳақидаги ғояларнинг шаклланиши ва уларни турли жойларга етказишда ҳам муҳим саналади. Шу сабабли айрим фотография турлари қандай сақланиб қолгани ва бундай суратлар ҳамон олинишда давом этаётгани, шу билан бирга бу соҳада турли силжишлар рўй бергани, Марказий Осиё ва Ўзбекистондаги ўзгаришлар фотосуратлар орқали қандай тасвирлангани менда қизиқиш уйғотди. Бу йўналиш жозибадор кўринди.

Александра Деннет

– Илмий ишингиз ва ўзбек тилини қандай ўрганганингиз ҳақида гапириб бера оласизми?

– Албатта. Мен Ҳарвард университетида санъат тарихи йўналиши бўйича PhD даражасига номзод талабаман. Санъат тарихини ўрганяпман, бунда фотосуратлар, уларнинг аҳамияти ва фотографияни эстетик соҳа сифатида ўрганишга эътибор қаратаман. Ҳозир PhD диссертациямни ёзяпман. Ўқишимнинг 4-йили давом этяпти, 1-курсда курс иши тайёрлаганман, дарс берганман, ҳозир диссертациям бўйича тадқиқот ўтказиш учун Тошкентда бўлиб турибман.

3 ой давомида интенсив тадқиқот ўтказдим ва кузда, академик йилимнинг асосий қисмида илмий ишимни давом эттириш учун яна Тошкентга келмоқчиман. Чунки иложи борича кўпроқ фотографларнинг ишларини ўрганишим, тарихий ҳужжатларни ўқишим, фотолар қандай йиғилгани ва ишлатилганини тадқиқ қилишим керак.

Ўзбек тилини ўтган йилдан бошлаб ўрганяпман. Аввалига онлайн дарсларга қатнашдим, ҳозир Тошкентда ҳафтасига 2 марта ўзбек тили дарсларига қатнайман.

– Александра, 19-аср охири – 20-аср бошларидаги фотографларнинг фаолиятини ўзимиз учун тасаввур қилиб кўрайлик. Сиз ўрганган даврда исталган одам камера сотиб олиб, расмга тушира олганми?