Ўзбекистон | 10:39 / 30.07.2023
13896
2 дақиқада ўқилади

Блогер Олимжон Ҳайдаров қамоққа олиниб, тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида товламачиликда айбланиб, ушланган блогер Олимжон Ҳайдаровга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, 29 июл куни жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида Қўқон шаҳар прокурорининг Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи ва Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси (суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) тартибида ушланган Олимжон Ҳайдаровга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси тақдим этилган ҳужжатлар билан кўриб чиқилди.

Суднинг 29 июлдаги ажрими билан Қўқон шаҳар прокурорининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, Олимжон Ҳайдаровга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланди.

Вилоят ИИБ матбуот хизмати берган маълумотга кўра, у 12 июн куни «Қўқон Истиқлол» савдо комплексида норасмий савдо фаолияти билан шуғулланган тадбиркорларнинг ишончига кирган. Фуқаро уларда норозилик кайфиятини уйғотиш орқали савдо комплексларидаги реконструкция ишлари бўйича салбий мазмундаги мақолаларни ўзига тегишли ижтимоий тармоқ каналларига жойлаштирган.

Қўшимча равишда, блогер «Қўқон Истиқлол» савдо комплекси МЧЖ расмийларидан товламачилик йўли билан моддий маблағ ундиришга уринган. Ўзи томонидан тайёрланган «Қўқонда ҳуқуқий демократик бошқарувми ёки шаръий бошқарувми?» номли салбий мазмундаги мақолани интернет тармоқларида тарқатмаслик эвазига 10 минг долларни товламачилик йўли билан талаб қилган. Блогер умумий қийматда 7,5 минг долларни қўлга киритиб, қўшимча 2 500 долларни олаётган вақтида тезкор тадбир вакиллари томонидан қўлга олинган.

Мавзуга оид