Жамият | 16:49 / 30.07.2023
57596
3 дақиқада ўқилади

Орамиздаги одамлар: Бўйи ўсишдан тўхтаган фарғоналик Алибобо

Алибобо 14 ёшда. Касаллик туфайли бўйи ўсишдан тўхтаган. Шунда ҳам у оиланинг дастёри. Рўзғор юмушларида онасига ёрдам беради. Бўйи аллақачон ўзидан ўтиб кетган укаларига ота ўрнида оталик қилади. Алибобо отасини кўрмаганига бу йил 9 йил бўлди. Ота ичкиликка ружу қўйиб оиласини ташлаб кетган.

Алибобо Фарғона шаҳри Ғиждувоний кўчаси 162-уйда бувиси, онаси ва икки укаси билан яшайди.

“Отамни кўрмаганимга йиллар бўлди. Уни кўргим келади. Онамга минг раҳмат айтаман. Ота ўрнида ота, она ўрнида оналик қиляпти бизга. Отам ҳар куни ичиб келиб оилада жанжал кўтарар эди. Ичкилик сабабли оиламиз пароканда бўлди. Ҳозирда бувим, онам ва икки укам билан яшайман.

Касаллик туфайли бўйим (1 метр) ўсишдан тўхтаган. Шифокорлар бундан буён ўсмаслигимни айтишган. Бармоқларим яхши букилмайди.

Айрим тенгдошларим баъзида бўйим пастлигини юзимга солишади. Бундай вазиятда тушкунликка тушаман албатта. Лекин ҳаётлигимдан Яратганга шукрона айтаман.

Яратган онг, ақл бериб қўйди. Орамизда менданда оғир касаллар бор. Ўрнидан тура олмай бир жойда ётиб қолган, ўтира олмайдиган, гапиролмайдиган қанчадан-қанча инсонларни кўрдим. Шуларни кўриб туриб шукр дейман.

Онамдан қарзим кўп. Бир жойим оғриб қолса бошимда парвона бўлади. Укаларимга ота ўрнида ота, ҳам акалик қиламан. Уларни мактабга олиб бораман, овқатлантираман. Керак бўлса овқат тайёрлайман, идиш-товоқ юваман. Товуқ ва ўрдакларга дон, сув бераман.

Онам қаерда ишламасин унинг ёнида турганман. Кабобхонада идиш-товоқ ювувчи бўлиб ишлаган пайтлари ҳам мен уларга ёрдамчи эдим. Кичик укам Музаффаржон бўйим билан тенглашиб қолди. Бу мени хурсанд қилади. Укам 5 ёш, орамиздаги фарқ 9 ёшдан иборат.

Фарғона шаҳри марказидаги яшаб турган ҳовлимиз “Болажон дунёси” хайрия фонди раҳбари Раҳматилла Норматовники. У ҳозирда оиламиз учун алоҳида уй қуриб беряпти”, – дейди Алибобо. 

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид