Юнусобод тумани Боғишамол кўчасида Malibu-2 автомобили ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойида ЙТҲ содир этиши оқибатида 17 ёшли ўсмир вафот этди. Kun.uz мухбири ҳодиса тафсилотларини ўрганиб, марҳумнинг яқинлари билан суҳбатлашди.
Жорий йилнинг 27 июль куни пойтахтнинг Боғишамол кўчасида Malibu-2 автомобили ҳайдовчиси инсон ўлими билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаси содир этди. Ҳодиса соат 23:15 ларда 131-уй қаршисидаги пиёдалар ўтиш жойида содир бўлган. ЙТҲ оқибатида 17 ёшли Абдусамад Солибоев вафот этди.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати бошлиғи Қаҳрамон Худойбергановнинг маълум қилишича, ЙТҲ содир этган автомашина бошқарувида 2002 йилда туғилган фуқаро бўлган. Унга кўра, гувоҳлар ҳайдовчи белгиланган тезликка амал қилмай ҳаракат қилганини таъкидлаган.
Маълум бўлишича, марҳум мактабни шу йил тугатиб, олий таълим муассасалари имтиҳонларига тайёрланаётганди. Ўша куни у спорт машғулотидан уйига қайтаётган бўлган.

Унинг онаси ўғли меҳрибон, дўстлари билан аҳил-иноқ бўлганини айтди.
«Имтиҳонларга тайёргарлик кўраётган эди. Она, бу ҳаракатларим сиз учун, дерди. Жуда меҳрибон эди, бирор марта гап қайтарганини эслолмайман. Дўстлари, таниш-билишлари билан ҳам аҳил эди. Қўшниларимиз ҳам кўзёш тўкяпти, чунки доим уларнинг ҳам ҳурматини қиларди. IT курсларига ҳам ўқиганди, шу соҳада кетмоқчи эди.
Бизда пиёдаларга эътибор бермайди, машинага ўтириб олишса бўлди, йўл эгасиман деб ўйлашади. Бир неча сония кетади-ку шу одам ўтиб кетишига, тўхтаб туришса нима қиларкан...», дея кўзи ёшланди Дилноза Солибоеванинг.
Воқеа содир бўлган ҳудудда яшовчи Шоира Юнусова Kun.uz билан суҳбатда мазкур пиёдалар ўтиш жойида бахтсиз ҳодисалар мунтазам равишда содир бўлиши, фуқаролар ушбу кўчани кесиб ўтишга қўрқишини айтди.
«Кўчанинг ўша қисми светофор қўйилиб тартибга солинмаган. Машиналар тўхтаса ўтоласиз, бўлмаса, йўқ. Бундай воқеалар кўп бўлади, асосан, ҳайвонот боғи ёнида. Аксар ҳолатда ҳайдовчилар ёшлар бўлади. Ўзим билан ҳам хавфли ҳолатлар бир неча марта бўлган», дейди Юнусова.














