Жаҳон | 18:33 / 31.07.2023
16860
8 дақиқада ўқилади

Полша ўз чегарасини «Вагнер» жангчилари кесиб ўтиши мумкинлигидан хавотирда

Беларусда дислокация қилинган «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг юздан ортиқ ёлланма жангарилари Полша ва Литва чегараси яқинидаги Сувалки коридори ҳудудига ўтказилган, деган Полша бош вазири Матеуш Моравецкий.

«Вагнер» ХҲК жангарилари. Фото: Reuters

Ёлланма жангариларнинг Беларус ва РФнинг Калининград области орасида жойлашган Сувалки коридори томон ҳаракатланиши Беларуснинг Гродно шаҳри яқинида кузатилган. Полша бош вазири маълумотлар олинган манбани ошкор этмаган.

«Улар (жангарилар) Беларус чегарачилари кўринишида маскировка қилиб, ноқонуний мигрантларга Полша ҳудудига беқарорлик келтириб чиқариш учун ўтишига ёрдам бериши мумкинлиги эҳтимоли юқори. Шунингдек, уларнинг ўзи ҳам Полша ҳудудига ноқонуний мигрантлар кўришинида чегарани кесиб ўтиши эҳтимолли, бу қўшимча таҳдидлар яратади», — деган Моравецкий Polsat News телеканалига берган интервюсида.

Сувалки коридорининг жойлашуви. Инфографика / Kun.uz

Полша бош вазири вазиятни «Полша ҳудудига навбатдаги гибрид ҳужум уюштириш учун ташланган қадам», деб атаган.

Моравецкийнинг сўзларига кўра, шу йилнинг ўзида Полша-Беларус чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга 16 минг марта уриниш бўлган, Александр Лукашенко ва Владимир Путин эса икки йилдан буён ноқонуний мигрантларни Европага Полша ҳудуди орқали тиқиштиришга уриниб келишади.

Аввалроқ Полша ички ишлар вазири Мариуш Каминский «Вагнер» ХҲК ёлланма жангарилари иштирокида жиддий ҳодиса рўй берадиган бўлса, Полша, Литва ва Латвия бир вақтнинг ўзида Беларус билан чегараларини ёпиши мумкинлигини таъкидлаган эди.

Шанба куни бундай ният чиндан ҳам борлигини Литва ички ишлар вазири ўринбосари Арнолдас Абрамавичус тасдиқлади ва бундай «муҳокамалар реал» эканини айтди. «Чегараларни ёпиш имконияти мавжуд», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган AFP агентлиги.

«Варшавага экскурсия»

Июл ойи ўрталарида Беларус мудофаа вазирлиги мамлакатга «Вагнер» ХҲК ёлланма жангарилари кириб келганини, улар Могилёв областида Беларус ҳудудий мудофаа кучларини шуғуллантираётганини хабар қилганди.

Путин ва Лукашенконинг Валаам монастирида 24 июл кунги учрашуви. Фото: Sputnik / EPA

23 июл куни Беларус етакчиси Александр Лукашенко Санкт-Петербургда Владимир Путин билан учрашуви чоғида Беларусда жойлаштирилган «Вагнер» ХҲК жангарилари гўёки Полша Украинага қурол-яроғ етказиб бераётгани учун ўч олиш мақсадида «Варшавага экскурсия» қилиш учун ўзларини тайёрлаётгани, у қийинчилик билан уларни бу ниятидан қайтарганини айтиб ўтди.

Лукашенконинг бу сўзлари қўшни давлатларда кучли безовталик келтириб чиқарган.

Беларус ҳудуди бўйлаб ҳарбий техникалар ҳаракатини мониторинг қилувчи «Беларускi Гаюн» Телеграм-каналининг ёзишича, ўтган давр ичида мамлакатга ёлланма жангариларнинг 11 та колоннаси кириб келган.

Беларусда «Вагнер» ХҲК ёлланма жангарилари лагери пайдо бўлгач, Полша ҳукумати ўз шарқий чегарасидаги мудофаа қобилиятини ошириш лозимлиги ҳақида баёнот берган.

Шу кунларда Полша мудофаа вазирлиги армиядаги аскарлар сонини қарийб икки баробарга — ҳозирги 172 мингдан 300 минггача ошириш режаси борлигини баён қилди.

Таҳлил: Полша Россиядан келаётган таҳдидга жавобан қуролланмоқда

BBC рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси Павел Аксёнов Полша ўз қуролли кучларини қандай модернизация қилаётгани ва бу ҳолга Украинадаги уруш қандай таъсир ўтказганини ҳикоя қилиб берди.

«НАТОга Европадан аъзо бўлган мамлакатлар орасида бизда энг кучли қуруқликдаги қўшинлар бўлади», — бу сўзларни Полша мудофаа вазири Мариуш Блашчак ўтган йил июнида айтган, бироқ бундай мақсад янада аввалроқ қўйилган.

Айни пайтда Полша қўшинлари модернизацияси 2022 йил 24 февралдан сўнг Россия томонидан келиши мумкин бўлган хатарлар ҳисобга олиниб олиб борилмоқда. Аммо бу жараён анча аввал бошланган.

Полша ҳаттоки Жанубий Кореядан ҳам танклар сотиб олмоқда. Фото: Reuters

Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар 1999 йилда — Полша НАТО аъзосига айлангач ва бу ҳодиса Россияда ўта салбий қабул қилинганидан сўнг бузила бошланган. Сўнгра, 2008 йилда Полша ҳудудига НАТОнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими таркибий қисмларидан бири ўрнатилишига қарор қилинган. Муносабатлар янада бузилган. Ўшанда Ғарб Россия билан келишишга ҳаракат қилган ва ҲҲМ тизими қурилиши режалари бир неча бор қайта кўриб чиқилган. (Нима бўлганда ҳам бу музокараларни ҲҲМ тизими ракеталарини Полшага ўрнатишни бекор қилиш эмас, уни кейинроққа суришни тақозо қилган, хуллас, Полшадаги Редзиковода ҲҲМ базаси 2023 йилда ишга тушади).

2014 йилда Россия Қримни аннексия қилгач, Полша Болтиқбўйи давлатлари билан бирга ўзини ноқулай ҳис қила бошлади — Москвадаги турқи совуқ сиёсатчилар очиқчасига бутун Шарқий Украинани босиб олиш ниятлари борлигини ошкор қила бошлашди, бу гап-сўзлардан Варшава Россияда империячилик кайфияти кучайиб бораётганини пайқади.

2015 йилда Полша мудофаа вазирлиги армияни техник модернизация қилишдек амбицияли режани қабул қилди. Ўшанда устуворлик ҲҲМ тизимларига, ҳарбий денгиз кучларининг кема таркиби ва пилотсиз бошқарилувчи қурилмаларга берилди. 2018 йилда РФнинг Ғарбий округида янги йирик бўлинмалар пайдо бўлганига жавобан Полша қуруқликдаги қўшинларнинг тўртинчи дивизиясини тузди.

2016 йилда НАТО Полша, Эстония, Литва ва Латвияда Россияни тийиб туриш учун батальон жойлаштиришга қарор қилди. Алянс позицияси кучайтирилиши Полша қуролли кучларини кучайтириш билан баравар олиб борилди. Мудофаа вазирлигининг «Полша мудофааси 2032 йилга бўлган истиқболда» дастурий ҳужжатида Европадаги энг кучли ва энг кўпсонли армияси барпо этиш мақсад расман тасдиқланди. Бироқ, мазкур ҳужжатда қайд этилган айрим мақсадлар 2022 йил февралидан сўнг қайта кўриб чиқилди.

2022 йил мартида Полша президенти «Ватанни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолади ва унга кўра Полша қўшинлари сонини 300 мингга етказиш назарда тутилган (2016 йилги ҳужжатда «бор-йўғи» 200 минг кишилик армия режа қилинган эди).

Эни қайта кўриб чиқилган режаларга кўра, қуруқликдаги қўшинлар яна иккита дивизияга эга бўлади — уларнинг сони олтитага етади. Мудофаа харажатлари аввал ЯИМнинг 2,5 фоизи миқдорида оширилиши режалаштирилган бўлса, энди улар 4 фоизгача етади. Бу эса Европадаги энг катта кўрсаткичлардан бири бўлади. 2023 йилнинг ўзидаёқ Полша мудофаа учун ЯИМнинг 3 фоизини йўналтирмоқчи.

Қуролли кучларни модернизация қилиш режаси қурол-яроғ ва ҳарбий техникани оммавий харид қилишни назарда тутади. Полша Жанубий Кореянинг K2PL танкларини харид қилмоқда. (Бу муваффақиятли К2 танкининг «полшалаштирилган» версияси бўлиб, уларнинг 820 таси Полшада ясалади). Бундан ташқари, поляклар АҚШдан илгари ишлатилган M1A1FEP Abrams танкларидан 116 тасини, M1A2 SEPv3 Abrams танкларидан 250 та янгисини буюртма қилган.

2022 йил августида Полша Жанубий Кореянинг K9 ўзиюрар ҳаубицаларидан 212 та, сентябр ойида ўзларида ишлаб чиқариладиган Krab ўзиюрар ҳаубицасидан 48 та буюртма қилган. Варшава шунингдек, Полшада ишлаб чиқариладиган Jelcz автомобиллари шассисига ўрнатилган HIMARS учириш қурилмаларидан 468 та, оригинал шассидаги HIMARS’лардан 18 тасига эгалик қилишни режалаштирган. АҚШ Конгресси бу битимни февралда тасдиқлаган.

Етказиб бериш шартларига кўра, 300 км узоқликдаги нишонни аниқ ура оладиган ATACMS ракеталари ҳам ҳисобга олинган.

Феврал ойида Полша мудофаа вазирлиги ўзлари ишлаб чиқарган Borsuk ғилдиракли оғир зирҳли машиналардан қарийб 1400 тасини буюртма қилган. Уларнинг 1000 таси пиёдалар зирҳли машиналари кўринишида ясалади, қолганлари турли ёрдамчи машиналар бўлади. Полша шунингдек, F-35 қирувчи учоқларининг сўнгги Block 4 модификациясидан 32 тасини харид қилди. Полша ҳарбий ҳаво кучлари учун учоқларни йиғиш жараёни Lockheed Martin заводларида апрел ойидаёқ бошлаб юборилган. 

Мавзуга оид