Жаҳон | 11:20 / 31.07.2023
6676
2 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги Қрим яқинида 25 та дрон уриб туширилганини маълум қилди

Россия Мудофаа вазирлигининг даъво қилишича, Қримга учаётган Украинанинг 16 та учувчисиз учоғи ҳаво мудофаа тизими томонидан уриб туширилган, яна 9 таси радиоэлектрон уруш воситаси ёрдамида йўқ қилинган.

Фото: Reuters

Россия Мудофаа вазирлиги Россия томонидан аннексия қилинган Қримга йўл олган 25 та Украина самолёти типидаги учувчисиз учиш аппарати тутиб олинганини маълум қилди. «Украинанинг 16 та дрони ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларидан ўққа тутилиши натижасида уриб туширилди. Яна тўққизта Украина учувчисиз учоғи радиоэлектрон уруш воситаси ёрдамида йўқ қилинди ва нишонга етмай, Қора денгиз ҳамда Тарханкут бурнида қулади», — дея хабар берди вазирлик 30 июль, якшанба куни. Унинг баёнотига кўра, «талафот кўрганлар ва вайроналар йўқ». 

Бундан ташқари, Россия идораси учта Украина дронларининг Москвадаги объектларга ҳужуми олди олинганини эълон қилди. Москва вилоятининг Одинцово туманида битта дрон ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилди, яна иккитаси радиоэлектрон уруш воситаси ёрдамида йўқ қилинди ва Москва шаҳри ҳудудига қулади, деб хабар қилди Россия Мудофаа вазирлиги. 

30 июлга ўтар кечаси Москвага бир ҳафта ичида иккинчи дронлар ҳужуми амалга оширилди. Ҳужум натижасида «Москва-Сити»даги иккита бинога зарар етган. Портлашлардан бири Москва марказидаги IQ-кварталида 50 қаватли бинода 5-6-қаватларда содир бўлди. IQ-квартал - «Москва-Сити» ҳудудидаги кўп функцияли комплекс. ТАСС хабарига кўра, «ойналар синган», ҳеч ким жабрланмаган, ёнғин содир бўлмаган. «Око-2» минорасида биринчи қаватдан тўртинчи қаватгача дераза ойналари синган. Ҳужумдан кейин «Москва-Сити» яқинидаги Тестовская кўчаси бўйлаб ҳаракат тўсиб қўйилди, Внуково аэропорти ҳам ишини тўхтатди. 

Мавзуга оид