Ўзбекистон Энергетика вазирлиги сўнгги кунларда “ёқилғи-енергетика соҳасида мураккаб вазият юзага келгани” ҳақида маълумот берди. Айтилишича, мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида куннинг маълум вақтида электр энергиясини узишга мажбур бўлинмоқда.

Жумладан, июн ойида жами 34,8 млн kWh мажбурий чеклов киритилган бўлса, мазкур кўрсаткич июл ойининг ўтган 31 куни мобайнида 175 млн kWh'ни ташкил қилган. Ёз фаслига ўтилганидан бери жами 210 млн kWh мажбурий чеклов қўлланилган.

Вазирликнинг изоҳлашича, июн ойида тизимда модернизация ва реконструкция ишларини хавфсиз олиб бориш мақсадида қатор ҳудудларда мақсадли ўчиришлар амалга оширилган. Натижада биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 542 та трансформатор подстанцияси ва 592,36 км электр узатиш тармоқлари мукаммал, 923 та трансформатор ҳамда 702,3 километр ҳаво тармоғи жорий таъмирланган. Шунингдек, 930,6 км паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ва 228 та трансформатор пунктлари янгиланган.

“Сағбон”, “Юнусобод”, “Қўқон”, “Карвон”, “Қорасув”, “Яланғоч”, “Тузел” ва “Сергели-35” подстанцияларидаги 9 та кичик қувватли трансформатор катта қувватлисига алмаштирилди.

Айни пайтда ҳам “Юнусобод-Сити”, “Тошкент-Сити”, “Олмос”, “Янги Ўзбекистон” ҳамда “Янгиҳаёт” индустриал зоналари учун подстанциялар қуриш ҳамда уларни электр энергияси билан таъминлаш учун янги электр узатиш тармоқларини бунёд қилиш ишлари пудратчи ташкилотлар томонидан давом этмоқда.

Бу ишларни хавфсиз бажариш ва электр монтёрларнинг соғлиғи ҳамда ҳаётига туғилиши мумкин бўлган хатарларнинг олдини олиш мақсадида куннинг маълум вақтларида тегишли ҳудудлардаги истеъмолчилар электр таъминотидан вақтинча узиб қўйилмоқда”, – дейилади расмий ахборотда.

Июл ойида эса, асосан, об-ҳавонинг ҳаддан ташқари исиб кетгани электр энергетикасини узлуксиз етказиб беришда қийинчилик туғдирган.

Вазирлик нафақат Ўзбекистон, бутун дунё бўйлаб аномал иссиқ ҳарорат ҳукм сургани, халқаро экспертлар томонидан 2023 йил июл ойида “охирги минг йилликда кузатилмаган” даражада иссиқ бўлгани айтилаётганини таъкидлайди. Кучли иссиқ ҳарорат эса совитиш мақсадида электр энергиясидан фойдаланишнинг каррасига ошишига олиб келмоқда. Натижада кабеллар куйиб кетяпти, трансформаторлар ишдан чиқмоқда. Авария оқибатларини бартараф этиш эса ҳам катта маблағ, ҳам кўп вақт йўқотилишига сабаб бўляпти.

Изоҳланишича, авария юз бермаслиги учун бир нечта фидерларни тармоқдан мажбурий ўчириб қўйиб, қатор хонадонлар, бюджет ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларини вақтинча узиб туриш – энг мақбул чора. Бу кутилмаган авариявий ҳолатларнинг олдини олишга ҳамда маблағ ва вақт тежалишига хизмат қилади.