Жаҳон | 10:53 / 02.08.2023
4913
2 дақиқада ўқилади

Ҳаага ХЖС судьяларининг Россияда қидирувга берилганини қоралади

Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) Россия Федерацияси президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берган судьяга Россияда қидирув эълон қилинганини қоралади. 

Фото: Marina Riera/Human Rights Watch

Рим статутига аъзо давлатлар ассамблеяси президиуми Москванинг қароридан чуқур хавотир билдирди ва буни суднинг «халқаро мандатига путур етказиш бўйича янги уриниш» деб атади.

Россия Ички ишлар вазирлиги ХЖС судьяси Томоко Аканэ қидирувда эканлигини маълум қилди. Ички ишлар вазирлиги қидирув базасида 1956 йилда туғилган япониялик аёл Томоко Аканэ «Россия Жиноят кодексининг моддаси бўйича қидирилаётгани» айтилган, бироқ аниқ модда номи келтирилмаган. 

Томоко Акане 2023 йил март ойида Россия президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Лвова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган Росарио Салваторе Айтала ва Серхио Херардо Угалде Годинес билан бирга ХЖСнинг уч аъзосидан бири эди. 

Судга кўра, Путин ва Лвова-Белова «аҳоли (болалар)ни Украина ҳудудидан Россияга ноқонуний равишда депортация қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар учун жавобгардир».

20 март куни Россия Тергов қўмитаси ушбу судьяларга, шунингдек, Халқаро жиноий суд прокурори Карим Хонга қарши жиноий иш қўзғатди. 22 июнь куни ХЖС судьяси Росарио Айталанинг карточкаси Ички ишлар вазирлигининг қидирув базасида пайдо бўлди, Карим Хон 19 май куни қидирувга берилган эди. Уларга сиртдан айблов қўйилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид