Илмий экспедиция доирасида Теҳрон, Қум, Исфаҳон ва Ҳамадан шаҳарларида жойлашган илмий-тадқиқот институтлари, марказлар, кутубхоналар, университетлар ва фондлар фаолияти билан танишилгани баробарида давра суҳбатлари ташкил этилди.
“Ибн Сино” жамғармаси Эрон миллий кутубхонаси ва архивига Ўзбекистон олимлари илмий ишларининг маҳсули бўлмиш ўзбек тилидаги янги таҳрирдаги 5 жилдлик “Тиб қонуни” китобини, Ибн Сино жамғармаси ҳузуридаги илмий гуруҳ меҳнати маҳсули бўлган бешта тилда нашрдан чиққан Абу Али ибн Сино атамаларининг ўзбек, рус, инглиз, араб ва лотин тилларидаги луғати ҳамда Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги мутахассислари томонидан тайёрланган “Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри”ни (1-жилд) тақдим этди.
Ушбу китоблар Эрон томонига “Ибн Сино” жамоат фонди бошқаруви раиси Нозим Маҳмудов томонидан келгуси илмий ҳамкорлик таклифи билан тақдим этилди. Хусусан, ҳамкорлик доирасида беш тилли луғатни олтинчи тил – форс тилига биргаликда ўгириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Эронда сақланаётган Абу Али ибн Сино қўлёзмаларининг алоҳида реестрини яратиш мақсад қилинган.











