Иқтисодиёт | 16:34 / 07.08.2023
47153
2 дақиқада ўқилади

Айрим харидорлар автосалондан олинган шартномаларни қайта сотувга қўйди

Сунъий равишда, катта ҳажмда қондирилмаган талаб юзага келтирилиши фонида, олибсотарлар Damas, Cobalt ва Lacetti учун олинган шартномаларини сотишини айтиб, интернетга эълонлар жойлаштирди. Улар бу шартномалар учун бир неча юз доллардан, 1000 долларгача қўшимча пул сўрамоқда.

Olx.uz сайтидан скриншот

8 ойлик танаффусдан сўнг, UzAuto Motors 4 август куни Chevrolet Cobalt, Lacetti ва Damas моделлари учун шартнома бериш бошланганини эълон қилди. Бунинг ортидан автосалонларда ажиотаж юзага келди. Монопол компания эса контрактацияни очганидан 24 соат ўтмай яна номаълум муддатга ёпди.

Сунъий тарзда юзага келтирилган талабнинг ортиши сабабли турли хил савдо платформаларида, хусусан, OLX'да UzAuto Motors автомобиллари учун шартномалар сотуви бошланди.

Масалан, битта олибсотар Damas-2 автомобилига 3 дона шартномаси борлиги, уларнинг ҳар бирини 250 долларга сотиши мумкинлигини таъкидлаб, эълон жойлаштирган.

Бошқа бир сотувчи эса Cobalt автомобилига олинган шартноманинг ўзига 25 млн сўм пул сўраган.

Бундан ташқари, Lacetti L-optima шартномаси учун 1000 доллар қўшимча ҳақ сўралган эълонларни ҳам учратиш мумкин.

“Ўзавтосаноат” вакилининг Kun.uz'га изоҳ беришича, олинган шартномаларни бошқа одамнинг номига қайта расмийлаштириш имконияти йўқ. Агар 7 кун ичида кўзда тутилган маблағ тўланмаса, шартнома автоматик равишда бекор қилинади.

Telegram'даги Uzavtosavdo_bot маълумотларига таянилса, 7 август ҳолатига кўра, шартнома имзолаш имконияти мавжуд бўлган UzAuto Motors'нинг энг арзон моделлари: Onix – 221 млн 640 минг сўмдан, Тracker-2 эса 223 млн 824 минг сўмдан бошланади. Onix учун 4359 та, Тracker-2 учун 12890 та навбат ҳам бор.

Damas, Соbalt ва Lacetti каби моделлар учун қанча навбат борлигини кўрсатувчи статистик рақамларни очиқлаш тўхтатилган.

Мавзуга оид