Яқин кунларда президент тадбиркорлар билан учрашади. Kun.uz мухбири учрашув олдидан кўплаб тадбиркорларнинг муаммолари билан ишлайдиган солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов билан суҳбатлашиб, солиқ соҳасида бизнесни қийнаётган масалалар ҳақида сўради.

Тадбиркорлар билан боғлиқ кўплаб муаммолар ўз ечимини топди. Аммо солиқ текширувлари масаласи ҳали ҳам кун тартибида. 2022 йилда 2021 йилдагига нисбатан солиқ текширувлари 8 мингтага кўпайган. Лекин Солиқ қўмитасига кўра, бу текширувларда ҳуқуқбузарликлар 99,6 фоизга тасдиғини топган. Бу борада фикрингиз қандай?

— Қўмитанинг бу маълумотлари қаердан йиғилган, билмайман. Аммо Давлат солиқ қўмитасида ишлаган пайтим ҳам такрорлаган эдим: 99 фоиз текширувларда камчилик аниқланди дейиш – жудаям уятли ҳолат. Мақтанадиган нарса эмас бу. Демак, 99 фоиз тадбиркор амалдаги солиқ тизими билан ишлагиси келмаяпти, қониқмаяпти. Айб тадбиркорда эмас, солиқ сиёсатидадир. Ўзим билган ҳолатлар бўйича 99 фоиз ҳолатда тадбиркор ҳақ бўлган.

— Олдинги суҳбатларда тадбиркорни жазолашга қаратилган солиқ текширувлари кўп эканини таъкидлагансиз. Вазият қанчалик ўзгарди?

— Бизга солиқдан норози бўлган тадбиркорлар мурожаат билан келади ва бундай ҳолатлар жудаям кўп. Афсуски, бирор бир ҳолатда тадбиркор ҳақ бўлиб чиқса ҳам, солиқ органи айни шундай амалиётни бошқа тадбиркорларга қўллайвериш ҳолатлари бор. Негадир уларни ҳеч ким тўхтатмаяпти. Солиқ органи раҳбариятига ёзма мурожаатлар ҳам қилганмиз, шунчаки маълумот учун қабул қилинди дейишади, бўлди.

Бировнинг тўламаган солиғини бошқа бировдан ундириш амалиёти бор. Олдинги қонунчиликка кўра, солиқ органи тадбиркорга талаб қўйиши, тадбиркорлик субъекти бу талабга рози бўлмаса, солиқ органи уни судга бериши мумкин эди. Ҳозир солиқ органи ўзи қўшимча солиқ ҳисоблаб қўйиши мумкин, тадбиркорга ёқмаса, ўзи судлашиб олсин. Ҳозир тўғридан тўғри қарзга киргизиб қўйиб, ёқмаса судлаш дейишяпти.

Олдинги ҳолатларда бир хил ишни маъмурий суд кўриб чиққанда, тадбиркор ҳақ дер эди, ҳозир қўшимча солиқ ҳисоблангани ва масала пулга боғлиқ бўлгани учун ишни иқтисодий суд кўряпти ва солиқчи ҳақ деяпти. Бир хил операция, бир хил ҳолат, тадбиркорлар ўртасидаги ўзаро ҳужжат алмашинуви бир хил – лекин иккита суд икки хил баҳо беряпти.

Ачинарлиси шуки, бунинг натижасида кўплаб тадбиркорлар банкрот бўлиб кетяпти. Бу ишларни ҳеч ким таҳлил қилмаяпти, менимча. Текширувлардан кейинги ҳолатни ҳам ўрганинглар, қанча тадбиркор ишлаб кетди-ю, қанчаси тўхтади, бу ҳолатни ҳеч ким ўрганмаяпти ва ҳеч ким баҳо бермаяпти. Ҳолатга баҳо бериладиган бўлса, текширувлар аслида қандай натижа бераётгани кўриниб қолади. Шунча қўшимча ҳисобладик, тасдиқланди эмас, ҳаммаси тўландими ёки йўқ, ундан кейин корхона ишладими, ёки банкрот бўлиб кетдими? Бу статистикани кўтарадиган бўлса, текширувлар аслида қанақа натижа бераётгани аниқ бўлади. Айтилган 99,6 фоиз ҳолатдан кейин тадбиркор тақдири нима бўлгани ўрганилса, асл муаммо чиқади.