Бугун Россия яна бир уруш бошлаб, Украинага бостириб кирган бир вақтда Гуржистон ҳукумати Ғарбдаги иттифоқчиларини 2008 йилги уруш учун Кремл жазосиз қолганида айблаш билан бирга ўзи Москвага яқинлашмоқда. BBC нашрининг Тбилисидаги мухбири Нина Ахметели урушнинг 15 йиллигига бағишланган репортаж тайёрлади.

Чегара яқинидаги музей

«Бу музей уруш нима эканини билишни истаганлар учун. Урушнинг миллати йўқ, чунки у ҳар икки томон учун ҳам оғриқли. Тинчлик ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Шу сабаб дунё Россиянинг ҳақиқий юзини кўриб қўйиши керак. Украинада ҳаммаси худди ўшандагидай такрорланмоқда», дейди Лия Члачидзе.

У 6 йил аввал Гуржистондан ажралиб чиққан Жанубий Осетиянинг тан олинмаган чегарасидан 200 метр масофада, Эргнети қишлоғидаги уйининг ертўласида «Август уруши музейи»ни очганди. Музейда урушдан олинган кўплаб суратлар, китоблардан ташқари унинг қишлоқдошлари жанг майдонидан олиб келган кассетали снаряд қолдиқлари ҳам бор.

Очиқ турган китоблардан бирида аскарча этикнинг изи кўринади. «Бу китоблар қўшни уй ҳовлисидан топилган. Бу улар ўзидан нима қолдиришининг нишонаси. Улар атрофдаги ҳамма нарсани яксон қилишади», дейди Лия.

Лия Члачидзе 2017 йилда, урушга тўққиз йил бўлганида Август уруши музейини очган

Уруш бошланганда 8 август куни Лия ва унинг яқинлари, хусусан, 12 ёшли набираси ертўлада яширинган. 9 август куни отишма бироз тинчиган вақтда Лия қўшни қишлоққа қочишга улгуради. Ўшанда қишлоқда аскарлар уларга тегмаслигига умид қилган ёки кетиш имкони бўлмаган қариялар қолганди. Қишлоқ аввалига отишма остида қолади, кейин эса у ерга рус ва осетиялик ҳарбийлар киради.

«160 та уй ёқиб юборилиб, 12 киши ўлдирилади. Улар орасида 90 ёшли чол ҳам бор эди. У ўрнидан тура олмаган ва уйи билан бирга ёниб кетган (BBC ихтиёрида буни исботловчи факт бор – таҳр). Менинг уйимга «Молотов коктейли» отишди. Уй билан бирга ҳовлидаги олма, узум дарахти ҳам ёнган. Мевалар ёнганини кўриш уй ёнганини кўришдан ҳам оғирроқ эди», дейди Лия.

Эргнети қишлоғи атрофдаги бошқа қишлоқлар каби тан олинмаган Жанубий Осетия чегараси яқинидаги «буфер зонаси»га кирган. Россия ўз ҳарбийлари у ердан 2008 йилда кетганини айтади. Аммо халқаро жамоатчилик босимига қарамай, Россия келишувда белгиланганидек урушдан олдинги позициягача чекинмади. 2008 йилги урушдан кейин Гуржистоннинг Тбилиси назорат қилмайдиган ҳудудлари янада кенгайди. Юзлаб қишлоқлар Осетия назоратига ўтади. Хусусан, Ахалгорск тумани ҳам.