17:17 / 08.08.2023
40741

Юнусободда икки киши лифтга қамалиб қолди

Ичкарида қолиб кетганлар лифтни ишлаб чиқарган компания колл-марказига қўнғироқ қилиб, ёрдам сўраган. Лекин компания оператори бу “дом” билан шартнома йўқлигини айтиб, бепул хизмат кўрсатилмаслигини билдирган.

7 август куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманининг Шароф Рашидов кўчасидаги 74-уйда икки фуқаро лифтда 1 соат давомида қамалиб қолган. Улар Osten компанияси Call маркази рақамини кўриб, унга қўнғироқ қилишган. Аммо компания оператори ушбу “дом” билан шартнома йўқлигини айтиб, бепул хизмат кўрсатилмаслигини билдирган.

Уй 9 қаватли. Биз оғайним билан бирга 6-қаватга кўтарилаётган эдик. Кутилмаганда лифт тўхтаб қолди. Лифт ичидаги кўрсаткичда хитойча ёзувда огоҳлантириш пайдо бўлди. Бироз кутдик, ҳаво етишмай бошлагач, қўлимиз билан лифт эшикларини очишга уриндик. Бироз очилгач, ёнимиздаги сочиқни эшиклар орасига тиқиб қўйдик.

Лифтда Osten компанияси Call марказининг рақами бор экан. Қўнғироқ қилдим. Аммо компания вакили шартнома йўқлиги сабабли бепул хизмат кўрсата олмаслигини маълум қилди. Агар бизнинг ўрнимизда ёш бола ёки аёл киши бўлганида нима бўларди? Бунақа вазиятда ҳамма ҳам қутқарув хизматининг қисқа рақамини эслай олмайди, биринчи навбатда лифт ичида ёзилган рақамга қўнғироқ қилади”, дейди Kun.uz журналисти билан суҳбатлашган вазият иштирокчисидан бири.

Таҳририятга тақдим этилган видеолавҳада кўринишича, эркак Osten компанияси Call марказига қўнғироқ қилиб, ёрдам сўраган ва зўрға боғланганини, лифт ичида алоқа яхши эмаслигини айтган. Унинг саволларига жавоб қайтарган Call маркази оператори эса хизмат шартнома асосида пулли бўлишини маълум қилган. “Инсон ҳаёти пулга бориб тақаладими? Пулли бўлмаса бизнинг мурожаатимизни қабул қилмайсизми ҳозир?” деган саволга компания оператори иложи йўқ, дея жавоб берган. Ўзи ёрдам бермаган ҳолатда Call маркази ходими тезкор қутқарув хизматларига ҳам манзил бўйича хабар бериш чораларини кўрмаган.

Шундан сўнг эркаклар ФВВнинг 1050 қутқарув рақамига қўнғироқ қилишган. Орадан 5 дақиқа ўтмай қутқарувчилар етиб келган ҳамда лифтни очиб, эркакларни чиқариб олишган.

Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Osten компанияси вакили билан боғланди.Унинг таъкидлашича, техник гуруҳлар орқали носозлик аниқланган манзилга бориб хизмат кўрсатиш шартнома асосида пулли тарзда амалга оширилади. Лифтларда оддий носозликлар аниқланганида масофадан бошқариладиган офис диспетчер ходимлари томонидан бартараф этилади. 

Кейинги пайтларда Ўзбекистонда лифт билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар кўпайиб бормоқда. Уларнинг айримлари ҳатто ўлим билан якун топаяпти.

Жумладан, 18 июн куни Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани “Янги Дархон” МФЙ, Наврўз кўчасида жойлашган кўп қаватли уйнинг юк ташиш учун мўлжалланган лифти юқоридан пастга тушаётган вақтида техник носозлик туфайли тезлашиб кетган. Оқибатда лифтда бўлган 11 нафар фуқаро турли даражада енгил тан жароҳати олиб, РШТЁИМга олиб кетилган.

26 июл куни эса 32 ёшдаги почтачи аёл Ольга Леонтьеванинг ўлиги пойтахтнинг Паркент кўчасидаги 239-уй лифтидан топилди. Маълум бўлишича, у ҳодиса 24 июл куни содир бўлган: аёл чиққан лифт кўп қаватли уйнинг энг юқорисида тўхтаб қолган. Марҳумнинг ёрдам сўраб бақирган овозини ҳеч ким эшитмаган. Кейинчалик Бош прокуратура почтачи аёлнинг жасади топилган лифт носоз бўлганини маълум қилди, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси эса буни рад этди

Ушбу воқеалар ортидан лифтлардаги кўнгилсизликлар масаласи Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилди. Муҳокамалар чоғида Ўзбекистонда ҳар тўртта лифтнинг биттаси талабга жавоб бермаслиги маълум қилинган.

Top