11:35 / 09.08.2023
20846

Номаълум харидор Украинага юбориш учун 50 та Leopard 1 танкларини сотиб олди

Бу техникалар аввал Белгия армияси ихтиёрида бўлган, бир неча йил олдин фойдаланишдан чиқарилган ва компаниялардан бирига металлолом нархида сотиб юборилганди.

Фото: imago/Eckehard Schulz

Белгиядан Украинага номи ошкор этилмаган давлат томонидан сотиб олинган дастлабки Leopard 1 танклари юборилди. Бу ҳақда Белгиядаги Business AM нашри хабар тарқатди. 

50 танк бир неча йил муқаддам фойдаланишдан чиқарилган ва Турне шаҳридаги омборхонада сақланаётганди. Белгия уларни Украинага беришни режалаштирмаганди, чунки уларни хизматга яроқли ҳолатга келтириш жуда қимматга тушарди. 

Business AM нашри ёзишича, Белгия танкларнинг донасини 15 минг евродан баҳолаб OIP Systems компаниясига сотиб юборганди. Нашрнинг изоҳлашича, Белгия армиясида фойдаланишдан чиқарилган техникаларни жойлаштириш учун ангарлар етарли эмасди, шунинг учун танклар металлолом сифатида, демпинг нархлар бўйича сотилган. 

Эндиликда OIP томонидан таъмирланган танкларни бошқа мамлакат сотиб олган, аммо айнан қайси мамлакат экани — номаълум. Таъмирлаш ишларидан кейин дастлабки Leopard танклари Германия ва Италия орқали Украинага юборилмоқда. Бу мамлакатларда танклар замонавий қуроллар билан жиҳозланади. 

Business AM нашри ҳозирча фақат Германия, Дания ва Нидерландия саноат корхоналаридан харид қилинган Leopard 1 танкларни Украинага беришини эълон қилганини эслатган.

Handelsblatt маълумотига кўра, 50 та Leopard 1 танклари немисларнинг Rheinmetall компанияси томонидан сотиб олинган. Компания уларни қайта жиҳолаб, кейин Киевга жўнатишни режалаштирган. Якунда Украина бу 50 та танкдан 30 га яқинини жанговар ҳолатда олиши мумкин.

  • 8 август куни АҚШ Украинага Abrams танкларининг дастлабки партиясини юборишни маъқуллади. Улар Украина ҳудудига куз бошларида етиб бориши кутилмоқда. Вашингтон Киевга бундай танклардан жами 31 тасини етказиб беришни мўлжаллаган.
  • Июл ойи ўрталарида Германия Украинага ҳарбий ёрдамнинг навбатдаги партияси етказиб берилгани ҳақида маълум қилганди, етказилган қурол-яроғлар қаторида — ўнта Leopard 1 A5 танки ҳам бўлган.
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top