Жаҳон | 18:21 / 10.08.2023
14406
3 дақиқада ўқилади

Полша Беларус билан чегарага ўн минг аскар жойлаштиради

Вагнерчиларнинг таҳдидларидан кейин Полша Беларус билан чегарасини кучайтирмоқда.

Полша чегараси. Фото: PAP/Artur Reszko

Полша ҳукумати Беларус билан чегара бўйлаб жами ўн минг ҳарбий хизматчисини жойлаштиришга қарор қилди. Бу ҳақда Polska Agencja Prasowa нашри мудофаа вазири Мариуш Блашчакнинг баёнотига асосланиб хабар берди.

Вазирнинг сўзларига кўра, тўрт минг ҳарбий чегарачиларга кўмак беради, яна олти минг аскар захирада ушлаб турилади.

Аввалроқ Полша чегара хизмати раҳбари Томаш Прага Беларус билан чегарага минг нафар ҳарбий жўнатишни сўраб мудофаа вазирлигига мурожаат қилганди. 

«Полша-Беларус чегарасидаги динамик вазият ва чегара қўшинлари бошлиғининг чегарани қўриқлашда армия иштирокини ошириш бўйича сўрови муносабати билан Миллий мудофаа вазири ушбу сўровни бажариш ва Полша-Беларус чегарасини қўриқлаш учун қўшимча аскарлар ажратишни буюради», — дейилган Блашчак идораси баёнотида. 

Полша янгиликлар агентлиги (PAP) аниқлик киритишича, ҳозирда Беларус билан чегарада икки минг полшалик ҳарбий хизматчи хизмат ўтамоқда.

Блашчак икки йил ичида мудофаа соҳасини мустаҳкамлаш давом эттирилса, Полша Европадаги энг кучли қуруқлик армиясига эга бўлишини айтиб ўтган. «Хориж қўшинларидан кўра Полша Қўшинига харажат қилган афзалроқ», — дея қўшимча қилган вазир.

  • Полша Беларус билан чегарасини ушбу қўшни давлатга «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчилари келиб жойлашганидан кейин мустаҳкамлашга киришди. Хусусан, июл ойи бошида чегарага 500 нафар полициячи юборилганди.
  • Шу ойда Беларус мудофаа вазирлиги Беларус армияси Полша чегараси яқинида вагнерчилар билан қўшма машғулот ўтказишини анонс қилди. Бир неча кун ўтиб Александр Лукашенко Владимир Путин билан Петербургда ўтказилган учрашувда Беларусда жойлашган «Вагнер» ХҲК жангчилари уни «асабийлаштираётгани», улар «Варшавага экскурсияга бориб келмоқчи бўлаётгани»ни айтганди. Август ойида эса Лукашенко бу гаплари «ҳазил» бўлганини айтиб чиқди. Шунга қарамай Полша ҳукумати «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчиларидан чиндан ҳам чегарадаги провокация учун фойдаланишлари мумкин деб ҳисобламоқда.
  • 1 август куни Полша мудофаа вазирлиги Беларуснинг икки вертолёти мамлакат ҳаво кенглигини бузиб кирганини маълум қилди. Минск буни рад этди. Шундан сўнг Полша Беларус билан чегарага Полша армиясининг икки бригадаси жанговар вертолётларини жойлаштирди.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид