Жаҳон | 08:32 / 11.08.2023
9611
4 дақиқада ўқилади

ЭКОВАС давлатлари Нигерга қарши ҳарбий операция ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди

Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий ҳамжамияти аъзолари Нигерга қўшин жўнатиш орқали мамлакатда конституциявий тартибни тиклаш ниятида. Исёнчилар мамлакатга бостириб кириш кузатилса, ҳокимиятдан ағдарилган президент ўлдирилишини айтган. 

Фото: Picture Alliance

Ғарбий Африка мамлакатлари иқтисодий ҳамжамияти (ЭКОВАС) минтақавий ташкилотига кирувчи давлатлар Нигерга мамлакатда конституциявий тартибни тиклаш учун қўшин юборишга қарор қилди. Бу ҳақда 10 август, пайшанба куни Нигерия пойтахти Абужада бўлиб ўтган ЭКОВАС махсус саммити якунлари бўйича берилган баёнотда айтилади. Унда қайд этилишича, ҳамжамиятга аъзо давлатлар Нигерда вазиятни дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирмоқда, шу билан бирга, жавоб кучлари киритилишини эълон қилмоқда. Ҳарбий операция вақти ва унинг тафсилотлари ҳозирча аниқ эмас. Йиғилишда кузатувчи сифатида Германия Ташқи ишлар вазирлигининг Африка бўйича вакили Кристоф Ретцлафф иштирок этди. Бундан бироз олдин Европа Иттифоқи ЭКОВАС’нинг Нигерга нисбатан ҳар қандай ҳаракатини қўллаб-қувватлашини эълон қилди. 

Саммит олдидан ЭКОВАС раиси ва Нигерия президенти Бола Тинубу «ёндашувимиз асоси сифатида дипломатик музокаралар ва мулоқотга устувор аҳамият бериш»ни «жуда муҳим» деб атади. Мақсад, унинг сўзларига кўра, «Нигернинг янги ҳукмдорларини ҳокимиятдан воз кечишга ва уни ағдарилган президент Базумага қайтаришга кўндириш». Ҳатто ёпиқ эшиклар ортида ўтган учрашувдан кейин ҳам Тинубу «демократия, барқарорлик, тинчлик ўрнатиш ва тикланиш учун» ҳали имкон бор» деди. Шу билан бирга, у «кун тартибидан ҳеч қандай вариант, жумладан, охирги чора сифатида куч ишлатиш ҳам олиб ташланмаганини» айтди. 

«Агар биз буни қилмасак, биз учун буни бошқа ҳеч ким қилмайди», деб огоҳлантирди Нигерия президенти. Кот-д'Ивуар президенти Алассан Уаттара ЭКОВАС кучларини юбориш қарори «зудлик билан» амалга оширилишига умид билдирди. 

Нигердаги исёнчилар ҳокимиятдан ағдарилган президентни ўлдириш билан таҳдид қилмоқда 

Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий ҳамжамияти (ЭКОВАС) аввалроқ Нигерга молиявий ёрдамни тўхтатиб қўйганини, шунингдек, исёнчилар, уларнинг оилалари ва исёнчи ҳарбийлар томонидан ташкил этилган «институтларда иштирок этиш»га рози бўлган ҳар қандай кишининг саёҳатига тақиқ қўйиши ва активларини музлатишини эълон қилган эди. Чегаралар ҳам ёпилди, ҳамжамият мамлакатлари ўртасидаги тижорат ва молиявий операциялар тўхтатилди. 

26 июль куни Нигерда давлат тўнтариши содир бўлди. Президент гвардияси аскарлари миллий телевидениеда чиқиш қилиб, давлат раҳбари Муҳаммад Базум лавозимидан четлатилгани, чегаралар ёпилгани ва комендантлик соати жорий этилганини эълон қилди. Гвардия қўмондони генерал Абдураҳмон Тчиани Ватан мудофааси миллий кенгаши раҳбари сифатида кўриниш берди. Армия қўмондонлиги исёнчилар билан бирдам эканини эълон қилди. Ҳокимиятдан ағдарилган президент ўз қароргоҳида сақланмоқда. АР ахборот агентлиги хабарига кўра, исёнчилар Муҳаммад Базум ҳокимиятини тиклаш учун мамлакатга қўшин киритилса, у ўлдирилишини айтган. 

Мавзуга оид