Ўзбекистон | 18:29 / 11.08.2023
8205
2 дақиқада ўқилади

Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон газ иттифоқига бошқа давлатлар ҳам қўшилиши мумкин

Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон газ иттифоқи кенгайтирилиши мумкин.

Фото: РИА Новости

Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг учтомонлама газ иттифоқи бошқа давлатларни ҳам қамраб олиши мумкин. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Иқтисодий ҳамкорлик департаменти директори Дмитрий Биричевский маълум қилди.

«Биз газ соҳасида учтомонлама ҳамкорликни кенгайтириш имкониятини истисно қилмаймиз. Бунга бошқа давлатлар ҳам қизиқиш билдираётганини биламиз. Биз барча иштирокчиларнинг позициясини ҳисобга олган ҳолда ўзаро манфаатли ва конструктив бўлиши лозимлигини англаган ҳолда бундай ҳамкорликка очиқмиз», деди у.

2022 йил ноябрь ойида Россия томони Қозоғистон ва Ўзбекистонга ўз газини ушбу давлатлар ҳудуди орқали ташишни назарда тутувчи «учтомонлама газ иттифоқи»ни тузишни таклиф қилган эди.

2023 йил январида «Газпром» ва Ўзбекистон Энергетика вазирлиги газ саноати соҳасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни имзолади. Тошкентнинг аниқлик киритишича, ҳужжат техник тадқиқотлардан сўнг Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи «Марказий Осиё – Марказ» газ қувури орқали Россия газининг транзитини назарда тутади.

Май ойи охирида Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин газ иттифоқи лойиҳаси параметрлари ишлаб чиқилаётганини, инвестициялар ҳажми аниқланаётганини таъкидлади.

«Марказий Осиё – Марказ» трансконтинентал тизимининг газ қувурлари Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудидан ўтади.

Мавзуга оид