Украина президенти Володимир Зеленский ва Американинг F-16 қирувчи самолётларига эга Европа давлатлари раҳбарлари 2023 йил май ойи ўрталаридаёқ ушбу қирувчи самолётларни Украинага етказиб беришга келишиб олганди. Аммо европалик мутахассислар Вашингтоннинг расмий рухсатисиз украиналик учувчиларни ўқитишни бошлай олмади, чунки ўқитиш Украина томонига илғор ҳарбий технологияларни беришни назарда тутади. Август ойи бошида Жо Байден ниҳоят машғулотларни бошлашга рухсат берди. Киев қирувчи самолётларнинг ўзини йил охиригача олиши мумкин. «Медуза» нашри ҳарбий журналистдан F-16 самолётларининг Украинага топширилиши фронтдаги вазиятга қандай таъсир ўтказиши мумкинлигини сўраган.

— НАТО мамлакатлари ихтиёрида 1970-йилларда ишлаб чиқилган F-16 самолётларига қараганда анча замонавийроқ қирувчи самолётлар мавжуд, масалан, 2006 йилда ишлаб чиқарила бошланган F-35 ёки 1990-йилларда яратилган F-22 каби. Нега иттифоқчилар Украинага фақат F-16 самолётларини беришга рози бўлди ва унда ҳам дарҳол эмас?

— F-22 менимча, ҳозир фақат АҚШ армиясида хизмат қилмоқда. Америкаликлар уни ўзлари учун ишлаб чиққан ва албатта, уларни (Украинага) ҳеч ким бермайди, F-22 дунёдаги энг қиммат қирувчилардан бири. F-35 билан ҳам худди шундай: бу қиммат машина, уни ўзлаштириш жуда узоқ вақт талаб этади ва у Украинаникига қараганда бутунлай бошқача ташкилий даражадаги қуролли кучларга хизматга кирган.

Ҳеч ким Украинага самолёт ташувчи кемаларни бермайди, буни ҳеч ким кутмаяпти ҳам. Катерлар, эҳтимол, ҳатто эсминецлар ҳам берилиши мумкин, аммо самолёт ташувчилар ҳақида гап йўқ: бу қиммат, жуда зўр қурол, бунинг учун қуролли кучларни қайта қуриш керак. F-35 каби замонавий қирувчи самолётлар билан худди шундай тартиб амал қилади.

(F-16 билан боғлиқ ҳолатда) гап ҳали вазифаларни бажаришга яроқли бўлган, иккинчи қўл, тўртинчи авлод қирувчи самолётлари ҳақида кетмоқда. Бу авлод 1970-йиллардан бошлаб ишлаб чиқарилган ва ҳозир ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Шубҳасиз, бундай вақт оралиғи модернизациянинг бир неча босқичларини англатади, (шунинг учун ҳозир) F-16 бутунлай замонавий қирувчи ҳисобланади.

Назарий жиҳатдан, украиналиклар бошқа бир тўртинчи авлод самолётларини олиши мумкин эди, аммо уларнинг ҳар бирида (F-16’дан ташқари) муаммолар мавжуд. Энг катта муаммо шуки, бошқа қирувчилар унчалик кўп эмас, шунинг учун уларни ёки қўшимча равишда қуриш ёки ўз ҳаво кучларидан олиб бериш керак бўлади. F-16 эса жуда кўп миқдорда ишлаб чиқарилган. Ҳатто фойдаланилган F-16 самолётларининг норасмий бозори ҳам мавжуд, яъни уларни топиш мумкин ва улар учишга яроқли ҳолатда бўлади.