Пекин МРБ жосуси фош этилгани ҳақида маълум қилди
52 ёшли Цзэн фамилияли Хитой фуқароси ўз мамлакати расмийлари томонидан Америка Қўшма Штатлари разведкаси фойдасига жосуслик қилгани учун судланди.
Хитой расмийлари МРБ фойдасига жосуслик қилиш бўйича иш фош этилганини билдирди. ХХР Давлат хавфсизлик вазирлигининг 11 август, жума куни вазирлик сайтида эълон қилинган баёнотига кўра, 52 ёшли Цзэн фамилияли Хитой фуқароси АҚШ разведкаси учун жосуслик қилганликда айбланган.
Вазирлик фуқарога нисбатан қўлланилган жазо ҳақида батафсил маълумот бермаган, фақат «зарарни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида унга нисбатан қўлланилган мажбурлов чоралари»ни тилга олган. Ўз баёнотида вазирлик ўтган ой қабул қилинган кенгайтирилган аксилразведка тўғрисидаги қонунни келтириб ўтади, у расмийларга миллий хавфсизликка таҳдид деб ҳисоблаган ҳар қандай фаолиятни бостириш учун мисли кўрилмаган ваколатлар беради.
Хитойнинг аксилразведка тўғрисидаги қонунига кўра, «миллий хавфсизлик ва миллий манфаатларга тааллуқли ҳужжатлар, маълумотлар, материаллар ва ашёларни» рухсатсиз олиш жосуслик сифатида баҳоланиши мумкин.
ХХР ҳукумати версияси
Вазирлик баёнотига кўра, Цзэн Италияга ўқиш учун юборилган ва у ерда АҚШнинг Римдаги элчихонасида ишлаган МРБ агенти билан дўстлашиб қолган. У Цзэнни Хитой қуролли кучлари ҳақида «махфий маълумот» беришга кўндирган. Бунинг эвазига унга «катта пул» ва оиласи билан АҚШга кўчиб ўтишда ёрдам ваъда қилинган.
Цзэн гўёки Америка томони билан шартнома имзолаган ва Хитойга қайтишдан олдин мамлакат фойдасига жосуслик қилишга ўргатилган. Бу иш Хитойда дарҳол катта эътиборни тортди: эрталаб у Weibo платформасида энг кўп ташриф буюрилган мавзулар рўйхатида биринчи ўринни эгаллади.
АҚШ-Хитой муносабатлари ёмонлашишда давом этмоқда
АҚШ Миллий аксилразведка хизмати (NCSC) қонун матнидаги жосусликнинг ноаниқ таърифлари Пекинга «Америка компанияларининг Хитойдаги маълумотларига кириш ва назорат қилиш учун кенгайтирилган ҳуқуқий асос» бериши ҳақида огоҳлантирди. Хитой ҳукумати фаолиятни жосуслик деб ҳисобласа, Хитойдаги АҚШ компаниялари ва АҚШ фуқаролари «анъанавий тадбиркорлик» учун ҳам жиноий жавобгарликка тортилиш хавфи бор, дея тушунтирди NCSC.
9 август куни АҚШ президенти Жо Байден Хитойнинг технология саноатига сармоя киритишни чекловчи фармонни имзолади. Оқ уйга кўра, бу қарор АҚШ миллий хавфсизлик манфаатларидан келиб чиққан.
Мавзуга оид
09:24 / 29.08.2024
МРБ раҳбари ўринбосари: Киев Россияда эгаллаган ҳудудларни сақлаб қолиш ниятида
17:24 / 07.07.2024
Аянчли тугаган ҳаёт – МРБ ва колумбиялик наркокартеллар билан бир вақтнинг ўзида ҳамкорлик қилган америкалик учувчи ким эди?
10:48 / 29.06.2024
Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари – қиморда ютқазиб МРБ жосусига айланган КГБ ходими ким эди?
10:09 / 29.04.2024