Сўнгги ҳафталарда Украинадаги фронт чизиғида ёзги кампания натижасини белгилаб берувчи жанглар бошланди. Икки томон ҳам захираларининг бир қисмини ҳаракатга келтирди ва ўз юришларида айрим ютуқларга эришди. Россия қўшинлари шимолда — Харкив, Донецк ва Луҳанской областлари чегарасида илгарилаган, энди Украина қуролли кучларининг Оскол дарёси шарқий соҳилида жойлашган бутун гуруҳининг коммуникацияларига таҳдид солмоқда. Украина армияси Бахмут йўналишида ва мамлакат жанубида босимни оширмоқда. Бундан ташқари, Украина ҚК Херсон областида Днипронинг чап соҳилига бир неча янги десант гуруҳлари ташлади.
Украина ҚК ҳам, РФ ҚК ҳам, афтидан, чуқур ёриб киришга умид қилмаяпти: қўшинларнинг илгарилаши — россияликларники ҳам, украинларники ҳам — жуда секин кетмоқда. Сабаби — икки армия ҳам артиллерия, миналар ва разведка дронларига таянган ҳолда ҳимояланишни яхши ўрганиб олган, аммо бундай мудофаани енгиб ўтишнинг йўлини ўйлаб топа олмаяпти. Ҳозирда икки томон ҳам асосий эътиборини рақибни ҳолдан тойдириш учун унинг техникалари (биринчи навбатда артиллерияни) ва шахсий таркибини йўқ қилишга қаратмоқда ва шундан кейингина ҳал қилувчи ҳужумга ўтиши мумкин.
Купянск йўналиши
- РФ ҚК июл ойи охири ва август ойи бошида Купянскнинг шимолий чеккаларидан Сватовонинг ғарбий чеккаларига қадар кенг фронт бўйлаб ҳужумга ўтди.
- Ҳозирча Россия армияси Кармазиновка ва Райгородка яқинидаги бир неча кичик қишлоқлар, Лиман Первий ва Олшан атрофидаги, шу вақтга қадар фронт чизиғида бўлган ва томонларнинг ҳеч бири назорат қилмаган қатор аҳоли яшаш манзиллари, шунингдек Новоселовка посёлкаси харобалари ҳамда унга қўшни бўлган, куздан буён қўлдан қўлга ўтиб келаётган Куземовка станцияси эгалланганини ютуқ сифатида келтириши мумкин.
- Аммо Россия юришининг реал аҳамияти эгалланган аҳоли яшаш манзиллари рўйхатидан каттароқ. Россия қўмондонлиги аста-секинлик билан бу жангга янги кучларини киритмоқда (биринчи навбатда, ҳозирга қадар таътилга чиқарилган ва сафларини тўлдириш билан машғул бўлган Ғарбий ҳарбий округ қўшинлари полклари ва бригадалари). Украинанинг шимолдаги қўшинлари эса барқарор мудофаа учун етарли захирага эга эмас.

2. Украина ҚК қарши ҳужумга ўтиб, июл ойи охирида Жеребец дарёсининг ғарбий соҳилига плацдарм қурган Россия кучларини чекинтирди. Аммо РФ ҚК плацдарми тўлиқ бартараф этилгани аниқ эмас.



















