Ҳатто «Толибон» билан мулоқот ўрнатишга уринишлар ҳам баҳсли масала бўлиб қолмоқда. Баъзиларнинг фикрича, агар «Толибон» билан алоқа ўрнатилса, бу ўзгаришларга эришишга ёрдам беради. Бошқаларнинг таъкидлашича эса, улар ҳеч қачон ўзгармайди ва улар билан гаплашишдан маъно йўқ.

Бутун дунё Афғонистоннинг янги ҳукумати билан қандай муносабатда бўлишни ҳал қилар экан, сиёсий курашда аёллар ҳуқуқлари биринчи ўринга чиққан: мамлакатда ҳатто гўзаллик салонлари ҳам ёпилган.

Косметолог Сакина пардалари маҳкам тортилган, хира ёритилган хонада ўтиради. Унинг ёнида лаб қаламлари ва ялтироқ палитралар бор. Сакина нега унга ўхшаган аёллар сиёсий савдолар предмети бўлгани ҳақида гапирган.

«Толибон» аёлларга босим ўтказмоқда, чунки улар бу орқали халқаро ҳамжамиятни ўз ҳокимиятини тан олишга мажбурламоқчи», дейди у Кобулдаги янги махфий салонида.

Икки ҳафта олдин ҳукумат мамлакатдаги барча аёллар гўзаллик салонларини ёпиш тўғрисида буйруқ берганидан сўнг Сакина яширинча ишлашга ўтишга мажбур бўлди. Ушбу фармон Афғонистондаги аёл ва қизлар ҳаёти ва эркинлигига нисбатан чексиз кўринган янги чекловларнинг охиргиси бўлди.

Сакина «Толибон»га қандай ёндашув иш бериши мумкинлигини билмайди.

«Агар дунё «Толибон»ни қонуний ҳукумат деб тан олса, улар ёки бизга қўйилган чекловларни олиб ташлаши ёки аксинча, уни янада кучайтириши мумкин», дейди у ушбу қийин дилемманинг барча мунозараларига хос бўлган ноаниқлик ва хавотир билан.

«Толибон» Афғонистондаги аёллар ҳуқуқлари каби масалалар халқаро ҳамжамиятга тааллуқли бўлмаган мамлакатнинг мутлақ ички иши эканини таъкидлайди.

«Фақат шу масаланинг ўзига эътибор қаратиш, бу шунчаки баҳона», деган «Толибон» вакили Забиҳулла Мужоҳид.

Мужоҳид BBC нашри саволларига ҳаракатнинг олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охунзода истиқомат қиладиган Қандаҳор шаҳридан туриб жавоб берган.

Мужоҳиднинг даъво қилишича, амалдаги ҳукумат аллақачон тан олиниши керак эди.

«Биз алоҳида соҳаларда муваффақиятга эришдик ва бу масалани ҳам ҳал қиламиз», дея ишонтирган у.

Қандай мулоқот олиб бориш лозим?

«Толибон» билан мулоқот қилиш ёки қилмаслик ҳақидаги дилемма бутун дунё бўйлаб Афғонистон келажаги ҳақида қайғурадиган кўплаб инсонлар гуруҳлари учун асосий тўсиқ бўлмоқда.