Жаҳон | 09:26 / 18.08.2023
11680
4 дақиқада ўқилади

Туркия Россияни Қора денгизда вазиятни кескинлаштирмаслик ҳақида огоҳлантирди

Туркия ҳукумати Россия томонини Қора денгизда кескинликнинг кучайишига олиб келадиган ҳодисаларга йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирди.

Фото: TRT

Туркия ҳукумати Россия томонини 13 август куни «Шукру Окан» юк кемасининг Қора денгиз флоти кемаси томонидан мажбурий тўхтатилиши каби ҳодисаларга йўл қўймаслик лозимлиги ҳақида огоҳлантирди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған маъмуриятининг Коммуникациялар бўйича бошқармаси қошидаги Дезинформацияга қарши кураш маркази томонидан эълон қилинган баёнотда, Россия томони воқеа муносабати билан «Қора денгизда кескинликнинг кучайишига олиб келадиган бундай уринишларга йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирилгани» айтилади.

Шу билан бирга, Марказ юк кемаси билан боғлиқ ҳодиса «Туркиянинг ички сувларида эмас, халқаро сувларда» содир бўлганини ва кема турк компаниясига тегишли бўлса-да, Палау байроғи остида бўлганини таъкидлади. «Шукру Окан кемасининг эгаси турк бўлса ҳам, у Туркия байроғи остида сузмаган. Халқаро ҳуқуққа кўра, кеманинг номи ёки эгасининг шахси эмас, қайси давлат байроғи остида сузаётгани муҳим», - дейилади X (собиқ Twitter) микроблоглар сервисидаги хабарда.

Россия кемаси Қора денгизда юк кемасини ўт очиш билан тўхтатди 

Россия Мудофаа вазирлиги 13 август куни эрталаб соат 6:40 да Қора денгиз флотининг «Василий Быков» патрул кемаси Қора денгизда «Шукру Окан» (Россия расмийлари уни «Сукра Окан» деб атайди) юк кемасини аниқлагани ҳақида хабар берди. У Палау байроғи остида бўлган ҳамда Одесса вилоятидаги Измаил портига кетаётганди. Кемани текшириш учун тўхташга мажбур қилган рус кемаси юк ташувчи йўналишида огоҳлантирувчи ўт очган, шундан сўнг унга Ка-29 вертолётидан десант тушган. Текширувдан сўнг, Россия томонининг маълум қилишича, «Шукру Окан» Измаил портига ҳаракатланишда давом этган. 

Россия ҳарбий идораси, шунингдек, кема текшируви акс этган видеони ҳам эълон қилди. «Видеода тўхташ ҳақидаги талабга риоя қилмаган «Сукра Окан» юк кемаси ёнидан Ка-29 вертолётининг учиб ўтиши, бир гуруҳ россиялик ҳарбий хизматчиларнинг кемага тушиши, ҳужжатларни текшириш тадбирлари акс этган», — дейилади эълон қилинган кадрларга изоҳда. Идора текширув «профессионал ва халқаро ҳужжатлар талабларига мувофиқ» ўтказилганини ва текширув гуруҳининг иши якунлангач, текширув далолатномаси тузилганини билдирди. 

Киев: Россия халқаро денгиз ҳуқуқи нормаларини бузди 

Украина ҳукумати Россияни Қора денгиздаги «қароқчилик акти»да айблади. Россия томонидан кеманинг «мақсадли ўққа тутилиши ва мажбурий текшируви халқаро денгиз ҳуқуқининг мутлақ бузилиши, қароқчилик акти ва бошқа давлатлар сувларида учинчи давлатнинг фуқаролик кемаларига қарши жиноятдир», деди Украина президенти девони раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк воқеадан кўп ўтмай. Воқеа «аниқ ҳуқуқий белгиланиши, барча иштирокчилар шахси аниқланиши ва жиноят содир этилгани факти халқаро ҳамжамият томонидан тан олиниши лозим», деди у. Украина керакли хулосаларни чиқаради ва энг яхши жавобни танлайди, дея қўшимча қилди Подоляк. 

Мавзуга оид