Навбатдаги ҳужум аввалгиларидан бироз фарқ қилади. Бу сафар дронлар Москва областига бу ёзда одатга айлангани каби эрта тонгда эмас, эрталабки тирбандликка яқин вақтда учиб келди. 11 август куни ҳам дрон кечроқ келган ва соат 11 га яқин Москванинг Карамишевская соҳилида қулаганди.

Мудофаа вазирлиги хабар беришича, бу сафар икки дрон Россия пойтахтига кириш жойида қулаган — соат 06:50 ва 08:16 да. Ҳарбий идора версиясига кўра, биринчи дрон радиоэлектрон кураш воситалари орқали йўналишдан оғдирилган, иккинчиси — уриб туширилган. Биринчиси Рузск районидаги Покровское қишлоғи атрофида, иккинчиси — Москва областидаги Истринск районида қулаган.

Мудофаа вазирлиги дронлар қулаган жойларга аниқлик киритмаган, аммо кўп вақт  ўтмай RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоньян ўз телеграм-каналида дрон ўз уйига яқин ҳудудда қулагани ҳақида ёзди.

«Ўша учувчисиз қурилма. Уни Истринск районида уриб туширишди, биздан битта нариги кўчада қулади. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимимизга раҳмат, қурбон ва йўқотишлар бўлмади», — дея ёзди у фото остида.

Дронларнинг аввалги ҳужуми 18 август куни рўй берганди, ўшанда дрон пойтахт марказигача учиб келган ва Краснопресненская соҳилидаги «Экспоцентр» кўргазмалар мажмуаси ҳудудига қулаганди. «Экспоцентр»нинг бир томонида «Москва-Сити» ишбилармонлар мажмуаси бор, бу ерга ёз давомида икки бор ҳужум уюштирилди (икки сафар ҳам вазирликлар офислари жойлашган минорага), иккинчи томонида эса — Россия ҳукуматининг Оқ уй биноси жойлашган.

Жума куни бўлгани каби, душманба куни ҳам янги ҳужум ҳақидаги хабарлар билан бир вақтда нафақат Киев йўналишида жойлашган Внуково ва жанубий йўналишда жойлашган Домодедово, балки Москванинг барча тўрт халқаро аэропорти (Шереметьево ва Жуковский аэропортлари ҳам) фаолияти вақтинча тўхтатилди. Жума куни бундай ҳолат илк бор рўй берганди.

Жума кунгидан фарқли ўлароқ, душанба куни самолётлар қўниши ва учиши биринчи дрон қулагани ҳақидаги хабардан кейиноқ тикланмади. Росавиация пресс-релизига кўра барча аэропортлар фаолияти соат 9:00 га келиб тикланган (ўтган ҳафтада ярим соат ичида тикланганди).

Росавициядагилар захира аэродромлардаги чекловлар туфайли 45 йўловчи рейс (ва иккита юк самолёти)ни қайта йўналтиришга тўғри келганини билдирган. «Яндекс.Расписание» сервиси маълумотларига кўра, душанба куни 90 дан ортиқ рейс кечиктирилган ёки бекор қилинган.

Расмийларга кўра, Истрой яқинида ҳужум оқибатида икки киши жароҳат олган. «Ҳолатлардан бирида Истра шаҳар округидаги „Дорожник“ боғдорчилик жамиятидаги боғ уйига парчалар тушган, — дея ёзган губернатор Андрей Воробьев. — Икки киши жабрланган — эркак тиббиёт муассасасига ётқизилган, аёл шифохонага боришдан бош тортган. Шунингдек учта уйнинг ойналари синиб кетган».