Жаҳон | 16:24 / 22.08.2023
10417
2 дақиқада ўқилади

Бу йил қурғоқчилик туфайли Қозоғистонда буғдой ҳосили режадагидан кам бўлиши айтилди

Қирғизистонда жойлашган Киров сув омборидан Қозоғистонга сув етказиб бериш тўхтаб қолган. Оқибатда, Қозоғистонда қурғоқчилик кузатилмоқда. 

Фото: primeminister.kz

Қозоғистон бош вазири Алихон Смаилов 22 август куни ўтказилган ҳукумат йиғилишида 2023 йил якунига кўра, мамлакатда буғдой ҳосили режадагидан кам бўлишини айтди. Унинг қўшимча қилишича, бунга қурғоқчилик сабаб бўлган.

Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Карашукеев сўзларига кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳудудларда фавқулодда ҳолатни эълон қилиш ва фермерларнинг харажатларини қоплаш, субсидиялар тўлашни тезлаштириш ва кредитлар муддатини узайтириш бўйича иш олиб бормоқда.

Карашукеевнинг айтишича, айни пайтда дон экинларининг 45,1 фоизи яхши ҳолатда, 46 фоизи қониқарли ва 7,5 фоизи ёмон аҳволда.

«Шу билан бирга, асосан Павлодар вилоятида 181 минг гектар ёки дон экинларининг 1 фоиздан камроғи нобуд бўлди... Шунингдек, Қирғизистон Республикасидан сув оқими озайгани сабабли, қарийб 7,8 минг гектар майдон, жумладан, қанд лавлаги каби ижтимоий аҳамиятга эга экиннинг 1,2 минг гектарига зарар етди», деди у.

Қирғизистон 10 июлдан бошлаб, Қозоғистон билан келишилган ҳолда Талас дарёсида жойлашган Киров сув омборидан Қозоғистонга сув беришни тўхтатди. Кейинчалик, Қозоғистон сув таъминотини оширишни сўради. Бироқ, Қирғизистон томони истеъмол ортиши билан Қозоғистоннинг 3,54 миллион куб метрлик улуши 4 августга қадар тугаши ҳақида огоҳлантирди.

Кейинроқ, Қозоғистон Экология ва табиий ресурслар вазири Зулфия Сулаймонова Қирғизистоннинг сув етказиш имконияти йўқлигини тасдиқлади. Унинг айтишича, Киров сув омборидаги сув деярли тугаган.

«Гап, сув тўсиб қўйилгани ҳақида кетмаяпти, биз ҳамкорлар билан биргаликда ишлаяпмиз. Гап шундаки, сув йўқ, жумладан уларда ҳам», деди вазир.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид