Қораловчи томон айбланувчининг ҳаракатларини онгли равишда садизм деб баҳолаб, айнан шундай ҳукм сўраганди.

Летби Англия ҳуқуқи тарихида умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган тўртинчи аёлга айланди.

Британия тизимида умрбод қамоқ жазосининг икки тури мавжуд.

Улардан бирига кўра (life sentence) маҳкумни муддатидан олдин озод этиш ҳуқуқи бўлади. Ҳукмни ўқиб эшиттириш чоғидаёқ судя маҳкум апелляция бериш ҳуқуқига эга бўлгунига қадар қанча вақт қамоқда қолиши лозимлигига аниқлик киритади.

Иккинчи жазо тури (life order) оғирлиги ва ижтимоий зарарига кўра фавқулодда жиноят содир этилган тақдирда, асосан серияли қотилликлар учун қўлланади. Бунда маҳкум муддатидан олдин озодликка чиқиш ва афв этилиш ҳуқуқига эга бўлмайди, бунга фақат истисно ҳолатлар сабаб бўлиши мумкин.

Летбининг ҳимоячилари ҳукм эълон қилинишидан олдин ҳам бу ишда қандайдир енгиллаштирувчи ҳолатларни излаш ва ҳакамлар ҳайъатининг марҳаматидан умид қилиш имкони йўқлигини айтишганди.

Летби ҳукм эълон қилиниш вақтида суд залида бўлишдан бош тортди.

Буюк Британия бош вазири Риши Сунак унинг ўз қурбонларининг оила аъзолари кўзига қарашдан бош тортганини шармандали қўрқоқлик деб атади. У ҳукумат қонунчиликка ўзгартиришлар киритиб, маҳкумлар ҳукм вақтида суд залида бўлишини таъминлашига ваъда берган.

Шу билан бирга, судя Жастис Госс маҳкумга мурожаатини у худди суд залида бўлгандек ўқиб эшиттирди.

«Янги туғилган чақалоқлар ҳаёти бошланган заҳоти тўхтатилди, уларнинг яқинларининг ҳаёти эса абадий вайрон бўлди. Бундай қилмиш сабаби фақат сенинг ўзингга маълум», - деган судя Госс.

Судя Люси Летби D чақалоқни ўлдиришидаги сурбетликка алоҳида эътибор қаратган. Чақалоқ жон бераётганида ҳамшира уни сақлаб қолишга ҳаракат қилган бошқа шифокорлар билан бирга реанимация жараёнида фаол иштирок этган.

Шунингдек, судя барча чақалоқларнинг ўлими ва саломатлигига жиддий зарар етказиш ҳолатлари бўйича батафсил тўхталиб ўтган.

Ҳамшира Летби қандай жиноятларда айбдор деб топилган?

Еттита исботланган қотилликдан ташқари, Летби устидан суд жараёни давомида у яна олти нафар чақалоқ ҳаётига суиқасд қилгани гумон қилинган.