21 август куни Centrum Air авиакомпанияси Ўзбекистон ҳамда Қатар пойтахтлари ўртасида дастлабки авиақатновини йўлга қўйди. Илгари бу йўналишда тўғридан тўғри парвозлар қилинмаган. Кўп йиллик музокаралардан сўнг, Тошкент – Доҳа йўналиши барча фуқаролар учун биринчи марта очилмоқда. Дастлабки босқичда 200 га яқин йўловчи чартер рейсда ўз манзилига етказилди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида қатнов олди ўтказилган тадбирда шу ҳақда батафсил маълумот берилди.

“Аслини олганда, Доҳага рейсларни очганимизда жуда катта қизиқиш билдирилади деб ўйламаган эдик, ижтимоий тармоқларда тур ҳақида маълумот берганимизда кўплаб одамларнинг ўзи бунда иштирок этишларини билдиришди.
Билет нархлари ҳақида эса бир нима дейиш қийин. Чунки танланган тарифлар бўйича нархлар ўзгариши мумкин.” – дейди Centrum Air маркетологи Анора Ходжаева.

Йўловчиларга Қатар саёҳатини ташкил қилиш учун EASYBOOKING компанияси Centrum Air билан ҳамкорликда ишлаётгани, нима учун айнан Қатар танлангани ҳақида ҳам гапириб ўтилди.
“Айтиш керак, футбол бўйича жаҳон чемпионатидан сўнг Қатар [туристлар учун] ишлаб келмоқда. У ерда янги меҳмонхоналар, инфратузилмалар қурилди, кўчаларга кондиционерлар ўрнатилди. Бунақаси бошқа мамлакатларда камдан кам кузатилади. Қолаверса, ажойиб архитектураси, янги ва замонавий меҳмонхоналари, стадион, пляжлар – умуман жаҳон чемпионати учун тайёрланган шу каби хизматларнинг нархи минг-минг долларга тушади. Ҳозир эса Ўзбекистонда яшовчилар бу хизматлардан бошланишига 350 доллардан (саёҳат пакетларига қараб нархлар кўтарилади) фойдаланиши мумкин. Бу – жуда ажойиб таклиф.
Шунингдек, биз фуқароларга дунё бўйлаб саёҳат қилишга, янги давлатларни ўрганиб, унинг маданиятини кўришга ёрдам берамиз.
Ҳозир бу ишларнинг ҳаммаси компаниямиз томонидан амалга оширилади”, – дейди EASYBOOKING компаниясининг маркетинг бўйича бош мутахассиси Станислав Иаковлев.


















