Жаҳон | 16:29 / 23.08.2023
8397
2 дақиқада ўқилади

БМТ Афғонистонда икки юздан ортиқ собиқ амалдор ўлдирилганини аниқлади

«Толибон» ҳокимиятни қўлга олгач, собиқ ҳарбийлар ва амалдорларга қарши зўравонликни бошлаб юборгани айтилмоқда.

Фото: Reuters

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистонга Ёрдам Миссияси (UNAMA) 2021 йил августида «Толибон» ҳаракати ҳокимиятга келганидан сўнг, собиқ ҳукуматнинг камида 218 нафар ҳарбий хизматчиси ва амалдори судсиз қатл этилганини аниқлади.

БМТ маълумотларига кўра, «Толибон» собиқ полициячилар, ҳарбийлар, шунингдек, Афғонистон миллий хавфсизлик департаменти ходимларини таъқиб қилган. Аксарият ҳолларда улар ҳибсга олинган ва кейин ўлдирилган. Баъзилари дом-дараксиз йўқолган. Миссия «Толибон»нинг сиёсий мухолифларига қарши инсон ҳуқуқлари бузилишининг 800 дан ортиқ ҳолатларини ҳужжатлаштирган.

UNAMA томонидан ўтказилган интервьюларда алоҳида респондентлар «Толибон» хавфсизлик кучлари қўлида қийноқлар ва шафқатсизлик ҳолатлари ҳақида гапирган. Баъзи ҳолларда одамлар дом-дараксиз йўқолган. Масалан, 2021 йил 2 октябрь куни Ҳирот аёллар қамоқхонасининг собиқ раҳбари Алия Азизий ишдан уйига қайтмаган. Унинг қаердалиги ҳозирча номаълум.

БМТ «Толибон» ҳукуматини «айбдорларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш»га чақирмоқда. Бироқ, расмийлар тергов эълон қилган ҳолатларда шаффофлик йўқ ва бу ҳақда ҳеч кимга ҳисобот берилмаяпти.

Аввалроқ, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси вакили Жереми Лоуренс толиблар 2021 йил 15 августидан 2023 йил 30 июнига қадар, асосан, собиқ ҳарбий хизматчиларга нисбатан камида 144 та қийноқ ва 424 та ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ҳолатлари ҳақида маълумот берган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид