Жамият | 16:13 / 23.08.2023
11231
3 дақиқада ўқилади

Ҳар йили 420 минг одам овқатдан заҳарланишдан вафот этмоқда — ЖССТ

Озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланишнинг 40 фоизи 5 ёшгача бўлган болалар ҳиссасига тўғри келади.

Фото: Getty images

ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра микроорганизмлар ёки кимёвий моддалар билан ифлосланган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш оқибатида ҳар йили 600 миллион одам заҳарланади, 420 минг киши вафот этади.

Касаллик келтириб чиқарадиган бактериялар, вируслар, паразитлар ёки зарарли кимёвий моддаларни ўз ичига олган хавфли озиқ-овқатлар диареядан саратонгача бўлган 200 дан ортиқ касалликларга сабаб бўлади.

Озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланишнинг 40 фоизи 5 ёшгача бўлган болалар ҳиссасига тўғри келади. Бу касалликлар ҳар йили 125 минг боланинг ҳаётига зомин бўлади.

Диарея касаллиги ифлосланган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида юзага келадиган энг кенг тарқалган касалликдир. Ҳар йили 550 миллион киши у билан оғриниб, 230 минги вафот этади.

Диарея 5 ёшгача бўлган болалар ўлимининг иккинчи асосий сабабидир. У асосан ифлосланган озиқ-овқат ва сувни истеъмол қилиш натижасида ривожланади. Диареянинг энг кенг тарқалган иккита сабаби ротавирус ва ичак таёқчасидир. Sryptosporidium i Shigella каби бошқа патогенлар ҳам ташвиш туғдириши мумкин. Салмонелла бутун дунё бўйлаб диарея касаллигининг тўртта асосий сабабларидан биридир. Баъзи ҳолларда бу патогенлар келтириб чиқарадиган касалликлар оғир ва ўлим билан якунланади.

Озиқ-овқатдан заҳарланишнинг клиник кўриниши касалликнинг тўсатдан бошланиши билан тавсифланади. Клиник кўриниши кўпинча ошқозон-ичак трактининг бузилиши характерига эга. Заҳарланиш қорин оғриғи, қусиш, ахлатнинг бузилиши ва умумий ҳолсизлик билан кечади, аммо ботулизм ва қўрғошин бирикмалари билан заҳарланишда ушбу аломатлар кузатилмаслиги мумкин.

Озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланишнинг олдини олиш учун маҳсулотларни сақлаш, ташиш ва тайёрлаш пайтида инфекциядан ҳимоя қилиш ҳамда қуйидагиларга қатъий риоя қилиш зарур:

- маҳсулотларни, айниқса тайёр ёки ярим тайёр маҳсулотларни сақлаш муддатига аҳамият қаратиш;

- гўшт, балиқ, ярим тайёр маҳсулотлар, салатларни музлаткичда сақлаш;

- хом ва пишган гўшт, балиқларни қайта ишлашда алоҳида кесиш тахталаридан фойдаланиш;

- хом маҳсулотларни тўғраб бўлгач пичоқларни яхшилаб ювиш;

- тухумни пиширишдан олдин бир оз вақт содали сувда ивитиб, сўнг хлорли эритмада 15 дақиқа ушлаб туриш, кейин яхшилаб ювиш;

- сабзавот, мева ва резаворларни яхшилаб оқар сувда ювиш ва қайноқ сувда чайиш;

- ошхона ва шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш.

Мавзуга оид