Қайд этиш жоизки, BRICS’га аъзо давлатлар раҳбарлари ичидан фақат Россия президенти Владимир Путин саммитда бевосита иштирок этмайди, чунки Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди ордерига кўра уни бу давлатда ҳибсга олишлари мумкин.
Хўш, BRICS иштирокчилари нималарни муҳокама қилишади, экспертлар бу саммитдан нималар кутишмоқда?
Путинсиз BRICS ҳақида
Давлатлар ҳамдўстлигига 2006 йилда Санкт-Петербургда ўтган иқтисодий форумдан сўнг асос солинган. Аввалига иттифоқ иштирокчилари 4 та эди — Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой. 2009 йилда уларга Африканинг энг интенсив иқтисодиётидан бири сифатида ЖАР ҳам қўшилди. Ташкилот аъзолари ўз иқтисодиётларининг Ғарбга боғлиқлигини камайтиришга интилиб келишади. BRICS давлатлари ҳукуматлари ҳар йили расмий саммитларда учрашишади, бундан ташқари ТИВ, Молия вазирлиги ва бошқа давлат институтлари даражасида ҳам учрашувлар ўтказиб турилади. BRICS’нинг сўнгги саммити 2022 йил июнида Хитойда бўлиб ўтганди.
ЖАРда Россия делегациясига РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилик қилади. Путин саммитга бормаслиги июл ойи охирларида узил-кесил маълум бўлган эди. ЖАР Рим статутини ратификация қилган, шунинг учун у ЖАРга борса Жанубий Африка Республикаси Халқаро жиноят суди ордерига кўра уни ҳибсга олиб, топшириши шарт эди. Ҳаага халқаро суди шу йилнинг 17 март куни Путинни Украинанинг ноқонуний оккупация қилинган ҳудудларидан вояга етмаган болаларни Россияга депортация қилганликда айблаб, ҳибсга олиш учун ордер берган эди. Россия президенти BRICS саммитида видеоалоқа орқали иштирок этади.
Бош мавзу — BRICS’нинг кенгайиши
24 августгача давом этадиган саммитда иштирок этиш учун Лотин Америкаси, Осиё ва Африканинг 60 дан зиёд давлатлари етакчиларига таклифнома жўнатилган. BRICS’нинг кенгайтирилиши асосий мавзулардан бири бўлади. 40 дан зиёд давлатлар ташкилотга аъзо бўлиш учун хоҳиш билдиришган, уларнинг 23 таси расмий ариза топширишган. Бу давлатлар орасида Аргентина, Миср, Эрон, Жазоир, Ҳабашистон (Эфиопия), Индонезия, БАА, Саудия Арабистони ва Сенегал каби давлатлар бор.
BRICS’га аъзо бўлиш учун асосий номзодлар Индонезия, Саудия Арабистони ва Аргентина ҳисобланади. Россия Эроннинг аризасини қўллаб-қувватламоқчи, Бразилия эса — Аргентина ва Венесуэланикини. Кутилишича, BRICS вакиллари саммитда янги аъзоларни қабул қилиш мезонларини ҳам тасдиқлашади.

















