Географик жиҳатдан Марказий Осиёда жойлашган Ўзбекистоннинг Европа қитъаси шарқидаги Венгрия билан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлиги тобора ортиб бормоқда. Бу муносабатларнинг илдизи узоқ ўтмишга бориб тақалишини кўпчилик билмаса керак.
19-20 август кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўлди. Ўзбекистон президенти, Венгрияга ушбу давлат бош вазири Виктор Орбан таклифига биноан ташриф буюрди. Ташриф чоғида икки томонлама савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа алоқаларни ривожлантиришнинг янги уфқлари муҳокама қилинди.
Қолаверса, Ўзбекистон президенти ушбу давлатда ўтаётган Енгил атлетика бўйича Жаҳон чемпионати ўйинларини кузатди ҳамда Венгрия миллий байрами бўлмиш Иштван куни тантаналарида иштирок этти.
Бу ташрифнинг иқтисодий жиҳатларини иқтисодчилар таҳлил қилгани маъқул. Бизнинг асосий фокусимиз – бу икки давлат ва халқларнинг ўзлигига, тарихий хотирасига бориб тақаладиган омилларни англаш, таҳлил қилишдир.
Агар эътибор берилса, кейинги йилларда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги энг ижобий ва ишончли ҳамкорларидан бири айнан Венгрия бўлмоқда. Ўзбекистон ва Венгрияни бир қанча ҳалқаро ҳамкорлик ташкилотлари ва майдончалари ҳам бирлаштирмоқда.
Шулардан энг муҳими – Туркий давлатлар ташкилоти ҳисобланади. Яъни Венгрия кўп йиллардан буён Туркий давлатлар ташкилотининг доимий кузатувчиси ҳисобланади. Ва яқин йиллар ичида, ушбу давлат Туркий давлатлар ташкилотига тўлиқ аъзо бўлиб кирса, ажаб эмас.
Собиқ СССР ташкил топганидан то ушбу иттифоқ тарқалгунига қадар, дунёда ягона мустақил бўлган туркий давлат бу – Туркия эди. Бугунга келиб, мустақил туркий давлатлар сони камида 6-7 тани ташкил қилади. Энг қизиғи, Венгрия ўзининг туркий эканини таъкидлаб келмоқда.
Хўш, Венгрия туркий давлатми? Ўтган даврда венгерларнинг тарихий илдизи борасида асосан иккита йирик назария олдинга сурилди. Баъзи тадқиқотчилар венгерларни фин-угорлар дейишса, бугунги кунда, аксарият тарихчилар венгерларни қипчоқ турклари эканини исботлашади. Венгриялик кўплаб сиёсатчилар, тарихчилар ўзларининг қипчоқ туркий эканини айтишади.
Венгрия ўз давлатчилигини кўчманчи туркий қабилалар сардори Атилла номи билан боғлайди. Эрамизнинг 5-асрида Атилла Рим империясини забт этган ва ҳозирги Венгрия ҳудудларида ўтроқлашиб, унинг авлодлари маҳаллийлашиб кетган. Асрлар ўтиб, кўчманчи турклар маҳаллий ва қўшни халқлар билан қоришиб кетган.

















