Ўткир ака Йўлдошев тонг саҳарлаб турмуш ўртоғи пиширган “перашка”ларни велосипедида сотиб келиб оила камчиликларини бутлайди. “Перашкачи”нинг 4 қизи бор. Дилшода оиланинг учинчи фарзанди. У бу йил Бешариқ туманидаги 1-мактабнинг 11-синфига ўтди. Дилшода муддатидан аввал Англия, Финландия, Япония халқаро университетлари талабасига айланди. Меҳрибон ота рўзғордан орттириб қизининг тайёрлов курсларига қатнаши учун пул топиб бера олмади. Оила шароитини тўғри тушунган ўқитувчилар эса билимга чанқоқ қизга бепул таълим берди.
Дилшода Ўктамова бир карра халқаро, бир неча карра ички олимпиадалар ғолиби. Яхши ният ва меҳнатлар ўз мевасини бериб, у муддатидан аввал 6 университет талабасига айланди.

Отам “перашка” сотиб ўқишим учун шароит қилиб берди...
“1-синфдаёқ чет тили ўқишни бошладим. Қўшнимиз инглиз тили ўқитувчиси эди. 3-синфдан бошлаб қўшнимизнинг уйига қатнаб грамматика ўқиб юрдим. 5-синфга ўтганимда мактабдаги устозим олимпиадага тайёрлашни бошлади. Қисқа қилиб айтганда, қўшнимиз сабаб чет тилига қизиқиш бошланган.
Оилада тўрт опа-сингилмиз. Мен 3-фарзандман. Онам тонг саҳарда туриб перашка пиширади. Отам уни кўчада сотиб келади.

Болалигимдан ота-онам ўзлари емай-ичмай, яхши кийинмай бир сўм орттирса ҳам китоб олиб беришарди. Улар ўқишимга алоҳида эътибор қаратишди. Айниқса, китоб сотиб олмоқчи бўлсам қаердан бўлса ҳам пул топиб беришган. Ота-онам “перашка”дан тушган суммадан орттириб китобим учун доим пул ажратишган.
Отам фақат олға интилишим, ўқиш учун барча қийинчиликларни енгишим кераклигини доим уқтириб келади. Онам ҳам мени доим қўллаб-қувватлаб келган. Керак бўлса уй юмушларидан ҳам озод қилиб қўйган.
5-синфдан 9-синфгача туман олимпиадаларида 1-ўринни олиб келганман. Дастлабки ютуқларим шундан бошланди. Пандемия вақтида онлайн олимпиадалар бўлди. Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлигида ўтказилган олимпиадада ҳам 1-ўринни қўлга киритдим. Кейинчалик 10-синфга ўтиб қўлимга телефон тушганидан кейин университетлар ҳақида маълумот олиб имтиҳонларда қатнашиб кўрдим. Етарли балл тўплаб университетларга ўқишга қабул қилиндим. Шу йилнинг январ ойида Халқаро Япония университети талабаси бўлишга муваффақ бўлдим. Ундан кейин Финландия билан ҳамкорликдаги Nordis университети талабасига айландим. Орадан бир ой ўтиб Наманган халқаро университетига қабул қилиндим. Ундан кейин эса SamMed университети талабасига айландим. Куни кеча эса Лондондаги Ғарбий Шотландия университетининг (UWS London) талабалари сафидан жой олдим.






















