Тергов қўмитаси Пригожиннинг ўлимини тасдиқлади
Идора воқеа жойида дуч келинган 10 нафар шахснинг қолдиқлари парвоз рўйхатида кўрсатилган одамларга тўғри келишини маълум қилди.

Фото: Getty Images
Молекуляр-генетик экспертиза натижалари Твер областидаги авиаҳалокатда ҳалок бўлганларнинг шахси парвоз варақасидаги рўйхатга мос келишини кўрсатди, деб хабар берди РФ Тергов қўмитаси. Шундай қилиб, идора «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин ва унинг командири Дмитрий Уткиннинг ўлимини расман тасдиқлади.
Экспертиза натижалари самолёт бортида бўлган ўн кишининг шахсини тасдиқлаган. Росавиация рўйхатига кўра, самолётда етти йўловчи ва экипаж аъзолари бўлган.
Йўловчилар сифатида Сергей Пропустин, Евгений Макарян, Александр Тотмин, Валерий Чекалов, Дмитрий Уткин, Николай Матусеев ва Евгений Пригожин номлари келтирилган. Экипаж аъзолари борт командири Алексей Левшин, иккинчи пилот Рустам Каримов ва борт кузатувчиси Кристина Распоповадан иборат эди.
Бунга қадар Евгений Пригожин ва Дмитрий Уткиннинг қиёфадошлар ва сохта паспортларга эгалиги факти уларнинг ўлимига гумон пайдо қилганди.
23 август куни Москвадан Петербургга парвоз қилган Embraer Legacy 600 бизнес-жети Твер области устида ҳалокатга учраганди. Самолёт ҳаводаёқ парчаланиб кетган - видеоёзувларда парчаларнинг пастга қулаши акс этган. Ерга тушган дум қисми элементлари фюзелаждан 2,5 км масофада топилган.
РФ Тергов қўмитаси ҳаракат хавфсизлиги ва ҳаво транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиш (РФ ЖК 263-модда) бўйича жиноий иш қўзғатган. Тергов қўмитаси исталган авиаҳалокатдан кейин шу модда бўйича иш очади.
Самолёт ҳалокати юзасидан изоҳ бераркан, РФ президенти Владимир Путин Пригожинни 1990-йиллардан буён таниганини айтиб ўтди. «Бу мураккаб тақдирли инсон эди, ҳаётда жиддий хатолари ҳам бўлди ва керакли натижаларга ҳам эришди — ўзи учун ҳам ва мен бу ҳақда сўраганимда, сўнгги ойлардаги каби умумий иш учун ҳам. У истеъдодли инсон, истеъдодли бизнесмен эди», — деганди у.
Авиаҳалокат Пригожиннинг исёнидан икки ой ўтиб рўй берди. 24 июн куни «Вагнер» ХҲК жангчилари Ростов-на-Донда Жанубий ҳарбий округ штабини эгаллаган, Пригожиннинг ўзи эса Россия ҳарбий раҳбариятига қарши марш қилиб «Москвага бориши»ни маълум қилганди. Исён охирига етмай қолди: Кремл ва Пригожин Беларус президенти Александр Лукашенко воситачилигида келишувга эришилганини эълон қилди.
Июл ойи охирида Пригожинга алоқадор манбалар бизнесменни «Россия-Африка» саммитида учратишгани ҳақида хабар берганди. Бу эса Пригожин ушбу минтақадаги фаоллигини тиклаш ниятидан далолат берарди.
Авиаҳалокатдан бир неча кун олдин Пригожиннинг Африка мамлакатларидан бирида олинган видеомурожаати тарқалганди. «Вагнер» ХҲК Россияни барча қитъаларда буюк қилишга киришди. Африкани эса янада эркин қилишга. ИШИД, Ал-Қоида ва бошқа бандаларни қўрқитамиз. Ҳақиқий баҳодирларни ишга оламиз. Олдимизга қўйилган ва биз уддалашга ваъда берган вазифаларни бажаришда давом этамиз», – деганди у. Бу унинг сўнгги мурожаати бўлиб қолди.
Тавсия этамиз
Қатиқ, мураббо ва ядро қуроли. Путин янги филмда нималар деди?
Жаҳон | 21:59 / 06.05.2025
Автомобил импортига экосертификат – утилизацияга қўшимча “бонус”ми?
Ўзбекистон | 20:34 / 06.05.2025
Исроил Сурияни бомбалади. Туркия нега сукутда?
Жаҳон | 12:44 / 06.05.2025
Май ойида водийда меъёрга яқин ҳарорат кутилади, мамлакатнинг катта қисмида ой худди июн каби ўтади
Ўзбекистон | 11:17 / 06.05.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Тутанхамон хазинасининг бир қисми янги музейга кўчирилди
Жаҳон | 02:18
-
Мексика Google корпорациясини судга берди
Жаҳон | 00:27
-
“Ҳарвард бу раундни ютди”: университет АҚШ таълим вазирининг хатоларга тўла хатини текшириб, ўзига қайтариб юборди
Жаҳон | 00:01
-
Британияда учувчи ўнг ва чапни адаштириб юборгани учун самолётда ёнғин чиқди
Жаҳон | 23:57 / 09.05.2025
Мавзуга оид

17:22 / 25.11.2024
Малида «Вагнер»нинг бир неча жангчиси ўлдирилди

15:35 / 25.11.2024
Малида «Вагнер» ХҲКнинг бир неча ёлланма аскарлари ўлдирилди

22:12 / 25.09.2024
FT: Евгений Пригожин пулларни яширин равишда ғарб банклари орқали ўтказган

20:33 / 18.09.2024