“Янги таҳрирдаги Конституциянинг 78-моддасига асосан, республика фуқароси ҳисобланган ва 18 ёшгача бўлган болаларнинг маданий мерос иншоотларига, жумладан кўргазмалар, тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар, шунингдек, давлат музейларига тўловсиз кириш тартиби жорий этилмоқда.

 Ушбу амалиёт:

–       объектлар ихтисослигига мос ҳолда тегишли ўқув фанлари мавзуларига оид машғулотларни ташкил этиш ҳамда ўқувчилар томонидан ўзлаштирилган билимларни мустаҳкамлаш;

–       объектларда ўтказиладиган миллий байрам, қадрият ҳамда буюк сиймолар ҳаёти ва ижодига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар, кечаларда ташриф буюрувчиларнинг иштирок этиши;

–       кўргазма ва экспозицияларни томоша қилиш ва бу орқали ёш сайёҳларнинг дам олишини мазмунли ташкил этиш, уларда тарихий ўтмишга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром ҳамда анъанавий қадриятларни эъзозлаш ҳис-туйғусини шакллантиришга хизмат қилади. 

Ҳужжатга асосан, республика фуқароси ҳисобланган ва 18 ёшгача бўлган болалар:

–       ҳар йилнинг 2–8 сентябрь кунлари ўтказиладиган “Музейлар ҳафталиги” доирасида;

–       ҳар ойнинг биринчи якшанбаси уюштириладиган “Очиқ эшиклар куни” доирасида;

–      ҳамда ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари

маданият муассасаларига бепул киритилади. 

Бунда ташриф буюрувчи 18 ёшгача бўлган болалар тегишли объектлар кассасига таваллуд саналарини тасдиқловчи паспорт ёки ID-карталарини тақдим этишлари лозим.

18 ёшгача бўлган ёш санъат ихлосмандлари маданият ўчоқларига гуруҳ бўлиб ёки якка тартибда ташриф буюришлари мумкин. 

Шунингдек, ташриф буюрувчилар гуруҳининг объектларга бепул киритилиши тегишли таълим ва тарбия муассасаси ёки уларни гуруҳларга жамлаган ташкилот раҳбарияти ҳамда объектлар ҳамкорлигида ишлаб чиқилган режа-жадвал асосида ҳам амалга оширилади. Бунда таълим ёки тарбия муассасаси ёки уларни гуруҳларга тўплаган ташкилот раҳбарияти олдиндан объектларга ташриф буюрувчиларнинг таркиби, болалар гуруҳларига ҳамроҳлик қилувчи масъул шахс тўғрисидаги маълумотларни объектлар маъмуриятига камида 3 кун олдин ёзма равишда тақдим этиши талаб этилади. Ёш саёҳатчилар гуруҳларига ҳамроҳлик қилувчи икки нафаргача масъул шахсга объектларга бепул киришига рухсат берилади.