Ўзбекистон | 12:01 / 30.08.2023
27521
2 дақиқада ўқилади

Ғиждувон ҳокими патентланган шашликни тайёрлаш учун ҳокимликдан рухсат олиш ва тўлов қилиш кераклигини айтди. Вазирлик буни рад этди

Туман ҳокими Шерзод Ашуров энди бошқа ҳудудлардаги кабобчилар Ғиждувон кабобини сотиш учун туман ҳокимлиги рухсатини олиши кераклиги ҳақида айтди. Аммо Адлия вазирлиги муайян товарнинг географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши жисмоний ва юридик шахсларга қўшимча мажбуриятларни юкламаслигини билдирди.

Фото: Адлия вазирлиги

«Ғиждувон шашлиги» географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Географик кўрсаткич гувоҳномаси вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Баҳронов томонидан Ғиждувон туман ҳокими Шерзод Ашуровга тантанали равишда топширилган.

«Қаерга борилса, ҳамма ресторанларда Ғиждувон шашлиги деб ёзишади. Энди туман ҳокимлигининг рухсатисиз у номни ҳеч ким ҳеч қаерга ёза олмайди. Мабодо Ғиждувон шашликлари пишираман деса, албатта у Ғиждувонга келиб, ҳокимликдан рухсат олиб, тўловини тўлайди ва ғиждувонликлардан сўраб, кейин пиширади. Бу бизнинг бренд. Мана, Ҳиндистон Ойга ўзининг космик кемасини учирди. Худо хоҳласа, биз учинчи ренессанс фарзандларини тарбияласак, биз ғиждувонликлар Ойга етиб борамиз. Ўша ерда Ғиждувон шашликларини пиширамиз», дея таъкидлаган туман ҳокими Шерзод Ашуров гувоҳномани қабул қилиб олиш жараёнида.

Бироқ Адлия вазирлиги буни инкор этди. Маълум қилинишича, Бухоро вилоятида биринчи бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилган ушбу географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома унинг эгаси, яъни Ғиждувон туман ҳокимлигига гувоҳномада кўрсатилган товар турига нисбатан фойдаланиш ҳуқуқини беради. Муайян товарнинг географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши жисмоний ва юридик шахсларга қўшимча мажбуриятларни юкламайди.

«Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги қонунга кўра, агар географик кўрсаткични рўйхатдан ўтказган шахс муайян сифати, ном қозонгани ёки бошқа хусусиятлари сезиларли даражада унинг географик келиб чиқишига боғлиқ бўлган товарни ишлаб чиқараётган бўлса, мазкур шахс ушбу географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқини олади. Рўйхатдан ўтказилган географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқи худди шу географик объектда жойлашган ва худди шундай хусусиятларга эга бўлган товар ишлаб чиқараётган бошқа юридик ёки жисмоний шахсга ҳам берилиши мумкин.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид