Бугун, байрам кунлари арафасида, бутун республика бўйича эрталаб ёмғир тўхтади ва осмон аста-секин булутлардан тозаланмоқда.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, бугун ва 1-3 сентябр, байрам кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди, кундузи +25...+30 даража бўлган жуда қулай ҳарорат кузатилади. Эрталаб сезиларли даражада салқин кузатилади, ҳарорат +14...+17 даража атрофида бўлади.

Пойтахтда 31 август, 1-2 сентябр кунлари ҳаво асосан кам булутли бўлади, 3 сентябрда булутлилик бироз кучаяди, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3-8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кундузи +26...+29 даража, кечаси +15...+17 даража бўлади.