Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Ўзбекистон Республикаси президентининг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилиб, жамғарма ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 ноябрдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида олиб боради.

Жамғарманинг асосий мақсади хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатиш, оилавий ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ташкил этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ҳамда кўникмаларни эгаллашда уларга кўмаклашиш ва рағбатлантиришдан иборат.

Шунингдек, жамғарма ўз олдига бир қатор устувор вазифаларни белгилаб олган. Инчунин, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун тижорат банкларига ресурс маблағларини белгиланган тартибда жойлаштириш, хотин-қизларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашлари учун зарур шароитлар яратиш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашиш етакчи вазифаларидандир. Шу билан биргаликда, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлиғини сақлаш, хотин-қизлар спортини ривожлантириш, уларнинг меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашиш шулар жумласидан.

Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан республикада оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни ногиронлик аравачаси ва бошқа реабилитация воситалари билан таъминлаш борасида амалий ишлар тизимли йўлга қўйилган. Бу борада амалга оширилаётган эзгу амаллар бевосита юртбошимиз ташаббуслари, шунингдек, бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоеваларнинг кўмаклари асосида амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг июль-август ҳисобига кўра юртимиздаги ижтимоий-ҳимояга муҳтож бўлган 2 587 нафар хотин-қизларга реабилитация воситалари етказиб берилди. Шундан, 1 125 та ногиронлик аравачаси, 778 та эшитиш мосламаси, 559 та ҳасса ва қўлтиқтаёқ ҳамда 125 та кўзи ожизлар ҳассаси, юриш мосламаси каби воситалар ўз эгаларига топширилди.