Ўзбекистон | 18:49 / 31.08.2023
16654
2 дақиқада ўқилади

Одилбек Исоқов ҳам иқтисодиёт ва молия вазирлигига қайтди

У 2019-2023 йилларда молия вазири ўринбосари лавозимида ишлаганди.

Фото: Kun.uz

Одилбек Исоқов иқтисодиёт ва молия вазирининг давлат қарзи, халқаро рейтинглар билан ишлаш ҳамда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича консултант-маслаҳатчиси сифатида жалб этилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

У Буюк Британиянинг Infrasia Capital компанияси бош директори ҳисобланади.

Одилбек Исоқов 1981 йилда туғилган, маълумоти олий, 1998-2000 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида таҳсил олган. Одилбек Исоқов дунёнинг энг йирик банкларидан бири HSBC банкидаги 12 йиллик меҳнат фаолияти давомида Ривожланаётган мамлакатлар билан ишлаш бўйича инвестиция банкири сифатида тажриба орттирган. 2016 йил март ойидан HSBC инвестиция банки ривожланаётган мамлакатлар учун жаҳон молия бозорларида қимматли қоғозлар чиқаришни ташкил этиш бошқармаси директори (Лондон, Буюк Британия) лавозимида ишлаган.

У 2019 йил мартида молия вазири (ҳозирги иқтисодиёт ва молия вазирлиги) ўринбосари бўлган, 2023 йил февралида вазирликдаги ўзгаришлар доирасида бошқа бир неча ўринбосарлар (Омонулло Насриддинхўжаев, Жамшид Абруев ва Аҳадбек Ҳайдаров) билан биргаликда лавозимини тарк этганди. Ўшанда вазирлик солиқ қўмитаси билан қўшиб юборилиб, қўмита раиси Шерзод Қудбиев вазирликка раҳбар бўлган, бунгача вазирликни бошқариб келган Жамшид Қўчқоров бош вазир ўринбосарлигига тайинланганди

2023 йил августида эса барчаси жойига қайтарилди - Қудбиев солиқ қўмитаси раислигига, Жамшид Қўчқоров иқтисодиёт ва молия вазирлиги раҳбарлигига. Шунингдек, Аҳадбек Ҳайдаров вазир ўринбосарлиги лавозимига қайтганди.

Мавзуга оид