Жаҳон | 09:02 / 31.08.2023
14074
4 дақиқада ўқилади

Орбан ғарбни Путин билан Украина бўйича келишув тузишга чақирди

Ғарб Киевнинг НАТОга аъзолигини рад қилиши керак, Доналд Трамп ҳокимиятга қайтганида эса Украинада тинчлик ўрнатиш имконияти пайдо бўлади, деди Венгрия бош вазири Виктор Орбан.

Фото: GEORG HOCHMUTH/APA/picture alliance

Ғарб Россия президенти Владимир Путин билан келишиши ва Украинани НАТОга кириш имкониятидан маҳрум қилиши керак, деди Венгрия бош вазири Виктор Орбан. «Украина хавфсизлиги ва суверенитетини таъминлаш учун россияликлар билан янги хавфсизлик архитектураси бўйича шартнома келишиш керак, лекин НАТОга аъзо бўлмаслик лозим», деди Орбан америкалик журналист ва Fox News телеканали собиқ бошловчиси Такер Карлсон билан 30 август, чоршанба куни X каналида эълон қилган интервьюда.

Орбан Украинанинг ғалабасини имконсиз деб ҳисоблайди 

Венгрия бош вазири Украинанинг Россия билан урушда ғалаба қозонишига шубҳа билдирди ва Россия қуролли кучларининг сон жиҳатдан устунлигига эътибор қаратди. «Сиёсат билан шуғулланган ҳар бир киши мантиқни, рақамларни, маълумотларни тушунади, бунинг иложи йўқлигини билади. Бу Украина учун фожиа. Уларда Россиядан ҳам эртароқ аскарлар тугайди», - деди Виктор Орбан. Бундан ташқари, у 2014 йилда Россия томонидан аннексия қилинган Қримнинг қайтарилишини «нореал» деб атади. 

Ғарб давлатларидан бири Украинага ўз қўшинларини юборса, бу ғарб ва Россия ўртасида «тўғридан тўғри уруш» бўлишини англатади, деди Венгрия бош вазири. «Учинчи жаҳон уруши бизнинг остонамизда турибди, шунинг учун биз жуда эҳтиёт бўлишимиз керак», — дея қўшимча қилди у. 

Шу билан бирга, Украинадаги урушни тугатишнинг энг яхши йўли Доналд Трампнинг АҚШ президентлигига қайтиши ва Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатиш бўлади, деб ишонади Орбан. У АҚШнинг амалдаги маъмурияти томонидан Украинага кўрсатилаётган ёрдамни танқид қилди ва Трампнинг ташқи сиёсатини олқишлаб, уни «ғарб дунёсини қутқара оладиган одам» деб атади. 

Киев Орбанни Путиннинг ҳимоячиси деб атади

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Орбаннинг интервьюсини танқид қилди. «Биз Венгрияда қандайлигини билмаймиз, лекин Украина ўз ҳудудларини ҳам, суверенитетини ҳам сотмайди. Тинчлик билан ҳам савдо қилинмайди. Россия раҳбарияти, бу давлатга ишлайдиган адвокатларини қанчалик жалб қилишидан қатъи назар, украиналикларга етказилган зарар учун жавобгарликни ўз зиммасига олади», - деди Ташқи ишлар вазирлиги вакили Олег Николенко. 

2010 йилдан бери ҳокимиятда қолаётган ўнг қанот популист Виктор Орбан Европа Иттифоқидаги энг зиддиятли сиёсатчилардан бири ҳисобланади. Бошқа нарсалар қаторида у авторитар кучайиб бораётган ички сиёсат, суд тизими ва оммавий ахборот воситалари устидан назорат учун танқид қилинади. Бундан ташқари, Орбан Путиннинг Европа Иттифоқидаги энг яқин иттифоқчиси сифатида танилган. Россиянинг Украинада кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан сўнг, Орбан ҳукумати, аксарият Европа Иттифоқи мамлакатлари расмийларидан фарқли ўлароқ, Москва билан алоқаларни сақлаб қолди ва бир неча бор Европанинг Россияга қарши санкцияларини блоклашга уринди. 

Бу Орбаннинг Трамп тарафдори саналган консерватив журналист Такер Карлсон билан иккинчи йирик интервьюсидир. Fox New Карлсонни 2023 йил апрелида 2020 йилги президентлик сайловлари натижалари ҳақида нотўғри маълумот берилгани сабабли юзага келган можаро ортидан ишдан бўшатди. 

Мавзуга оид