18:17 / 31.08.2023
464

Қўқон шаҳрида маҳаллаларнинг 7 таси республиканинг энг ёмон 100 та “МФЙ”лари қаторига кирган

Тошкент давлат юридик университети ишчи гуруҳи томонидан Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жиноятчилик ҳолати, жиноятчиликка қарши курашиш ва уни олдини олиш тизими ўрганилди.

Жорий йилнинг июль ойида Фарғонада бўлиб ўтган Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев вилоятдаги криминоген вазиятнинг оғирлигини, Ёшлар ишлари агентлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари Қўқондаги вазиятни жиловлашда эътиборсизлик ва сусткашликка йўл қўяётганини танқид қилди.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, энг аввало, мавжуд ижтимоий вазиятни яхшилаш, жумладан аҳоли бандлигини таъминлаш, аёллар ва ёшларни ижтимоий-фойдали машғулотларга фаол жалб этиш, вояга етмаганларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳолатига боғлиқ. Шу сабабдан ҳам ҳуқуқбузарликлар профилактикасига жалб этилган фуқаролар ва жамоат ташкилотларини моддий ва бошқача тарзда рағбатлантириш амалиётини жорий этишни талаб этади.

Бироқ, маълум қилинишича, Фарғона вилоятда оғир жиноятларнинг

20 фоизини ва ўта оғир жиноятларнинг 43 фоизини айнан Қўқон шаҳридаги вояга етмаганлар содир этган. Ачинарлиси, 47 нафар мактаб ва 18 нафар коллеж ўқувчилари жиноятга қўл урган. Бу бутун республика бўйича энг ёмон кўрсаткич ҳисобланишини қайд этар экан, Президент Ш.Мирзиёев илмий ёндашувлар асосида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликни жиловлаш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги методика ва ўзига хос тажриба яратиш бўйича олий таълим муассасалари ҳам масъул эканлигини қайд этдилар.

Шу маънода юқоридаги Тошкент давлат юридик университети ректори в.в.б. Исламбек Рустамбеков бошчилигидаги университет ишчи гуруҳи томонидан Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жиноятчилик ҳолати, жиноятчиликка қарши курашиш ва уни олдини олиш тизими ўрганилди.

Шу ўринда, Қўқон шаҳри республикадаги 208 та туман ва шаҳарлар ичида оғир жиноятлар бўйича 1 ўрин эгаллаб келмоқда. 2023 йилнинг 6 ойи давомида Қўқон шаҳрида 928 та жиноят содир этилган. Қўқон шаҳрида мавжуд жами 78 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 24 таси қизил тоифа, 38 та сариқ тоифа, улардан 7 таси республиканинг энг ёмон 100 та маҳалла фуқаролар йиғини таркибига кирган.

Ўз-ўзидан, бу ҳолатлар Фарғона вилояти, жумладан Қўқон шаҳридаги криминоген вазиятнинг оғир ҳолатда эканлигидан далолат беради. Ўрганиш якуни бўйича Қўқон шаҳрининг 4 секторида жойлашган 11 та “қизил” тоифадаги маҳалла фуқаролар йиғини, уларнинг ҳудудида жойлашган истироҳат боғлари ва бозорларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича таклиф ва хулосалар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Университет ишчи гуруҳи томонидан ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу жиҳатдан вояга етмаган ва ёшларнинг жисмоний ва физиологик ривожланиши даражаси, уларнинг ўтиш вақтида турли салбий таъсирларга тушиб жиноят содир этиш ҳолатларининг сони ортиб бораётганлиги улар билан нафақат профилактик суҳбат ўтказиш, тарғибот тадбирларини амалга ошириш, балки уларни муддатли ҳарбий хизматга юбориш квоталарини ошириш, шаҳар мудофаа бўлимлари ҳамда ҳарбий қисмлар билан ҳамкорликда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тадбирларни ташкил этиш, қисқа муддатли спорт-ҳарбий йиғинларнинг ташкил этилиши мақсадга мувофиқлигига эътибор қаратилди.

Ўз навбатида, содир этилган жиноятлар бўйича муҳокамалар жиноят содир этилган ҳудуд билан чекланиб қолиши мақсадга мувофиқ эмас. Мазкур турдаги муҳокамаларни ҳамда сайёр суд мажлисларини жиноят содир этган шахслар тоифасига мансуб аудиторияларда, жумладан таълим муассалари, корхона, муассаса ва ташкилотларда ҳам ўтказилиши амалиётининг жорий этилиши ижобий самара бериши қайд этилди.

Қўқон шаҳридаги секторлар орасида асосан 4-сектор (ДСИ) ҳудудида жиноятчилик ҳолати ортганлиги, қизил тоифага кирувчи маҳаллалар асосий қисми ушбу секторда жойлашганлиги бошқа илғор секторлар тажрибасини ҳам мазкур секторга жорий этиш заруратини туғдиради. Шу сабабдан ҳам ҳар 3 йилда шаҳар (туман)лардаги секторлар ва улар раҳбарларининг ротациясини жорий этилиши мақсадга мувофиқ. Бунда қобилиятли сектор раҳбари, фаолияти давомида бир неча сектор ҳудудини ривожлантиришига ҳамда раҳбарлар ҳудудларда орттирган тажрибаларини бошқа ҳудудларга жорий қилишга эришилади.

Маъруфжон Курбанов
Тошкент давлат юридик университети
Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга
қарши курашиш кафедраси доценти в.б. (PhD)

Top