Шойгу ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини кеча-ю кундуз ишлаб чиқаришни талаб қилди
Россия ҳудудига дронлар томонидан амалга оширилган кенг кўламли ҳужумдан сўнг Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Тула вилоятидаги «Алмаз-Антей» концерни заводига ташриф буюриб, ишлаб чиқаришни «24/7 режимида» йўлга қўйишни талаб қилди.
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Россиянинг ҳаво ва ракетага қарши мудофаа учун қурол ишлаб чиқарувчи «Алмаз-Антей» концерни раҳбариятидан «24/7 режимда», яъни кеча-ю кундуз ва ҳафтада етти кун ишлаб чиқаришга ўтишни талаб қилди. Бу ҳақда 30 август, чоршанба куни Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати Шойгунинг Тула вилоятидаги давлат концерни заводларидан бирига ташрифи якунлари бўйича хабар берди.
Хабарда таъкидланганидек, Шойгу радар тизимларини ишлаб чиқариш цехларини кўздан кечирди. Концерн бош директори Ян Новиков унга Украинага қарши ҳарбий операцияларни давом эттираётган рус қўшинларига қарши батарея қуролларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш суръатлари ошгани ҳақида хабар берди. Новиковнинг сўзларига кўра, заводда аллақачон сменалар оширилган, сўнгги икки йилдаги реконструкция ва техник қайта жиҳозлаш ишлаб чиқариш қувватини «бир неча баробарга» кўпайтириш имконини берди. Мудофаа вазирлиги Шойгу қайси заводга ташриф буюрганига аниқлик киритмади.
30 августга ўтар кечаси Россия ҳудудига энг йирик дронлар зарбаси амалга оширилди. Дронлар Брянск, Орёл, Калуга, Рязан ва Москва вилоятларига ҳужум қилди. Псковда икки мақсадли аэродромга зарба бериш натижасида камида тўртта Ил-76 ҳарбий транспорт самолётига зарар етган.
Қрим кўприги яқинида дронлардан ҳимоя кучайтирилмоқда
Айни пайтда, америкалик ҳарбий метеоролог Дэвид Хелмс X микроблоглар тармоғида (собиқ Twitter) сунъий йўлдошдан олинган ва россияликлар Қрим кўпригининг жанубий томонида денгиз тўсиқлари ўрнатаётгани акс этган суратларни эълон қилди. 29 августдаги суратларда кўприкда тахминан 1,2 км узунликдаги тўсиқ қурилгани кўрсатилган. Шу тариқа, Россия Украина қуролли кучларининг кўприкдаги ҳужумларига қарши туришга ҳаракат қилмоқда, дея таъкидлади у.
Ўз навбатида, мустақил матбуот Planet.com хизматининг сунъий йўлдош суратларига таяниб, Қрим кўприги жанубида 2,4 м чуқурликда еттита баржа чўктирилгани ва лангар ташлаб тўхтатилганини билдирди. «Улар Украина учувчисиз учоқларига қарши тўсиқ сифатида ишлатилиши мумкин», дейилади маълумотда. Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси Қрим кўпригига дрон ҳужумидан кейин худди шундай хабар тарқатган эди.
Мавзуга оид
00:36
Россия БМТнинг Суданда ўт очишни тўхтатиш резолюциясига вето қўйди
21:08 / 18.11.2024
Оқ уй Украинага АҚШ қуроллари билан Россияга зарба йўллашга рухсат берилганини тасдиқламади
20:14 / 18.11.2024
Украина ATACMS билан Россия ҳудудларига зарба бериши мумкин. Бу нимани ўзгартиради?
20:09 / 18.11.2024